Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энерго тежамкор ускуналар — узлуксиз сув таъминоти кафолати
17:25 / 2026-01-06

Аҳолини барқарор ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш масаласи Сирдарёда доимий эътиборда. Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат кўп қаватли уйларда, балки маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. “Сирдарё сув таъминот” АЖ мазкур жараёнда асосий ролни бажариб, тоза сувни ҳудудларга етказишнинг барча жараёнларини ташкил этмоқда.

–  Аҳоли хонадонларини сув билан таъминлайдиган тармоқларнинг асосий қисми кўп йиллар олдин ўрнатилган ва вақт ўтиши билан уларнинг чидамлиги пасайган. Сув босими аҳоли эҳтиёжлари ортиши билан юқори кўтарилганда қувурларда авариялар юзага келарди. Бундай ҳолатларни бартараф этишда тизим ходимлари асосан мавжуд техник имкониятларга таянади, аммо эски ускуналар ва техника барча муаммоларни тезкор ҳал қилишга тўсқинлик қилар эди, –   дейди “Сирдарё сув таъминот” АЖ директори Шаҳбоз Акрамов.

Сирдарёда сув таъминоти соҳасидаги ислоҳотлар давлат раҳбари эътибори ва қўллаб-қувватлаши асосида янги босқичга кўтарилди. Жумладан, Жаҳон банки маблағи ҳисобига тезкор аварияларни бартараф этиш ва хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида махсус, энергия тежамкор техникалар олиб келинди.

Янги техникалар тизимнинг самарадорлигини сезиларли даражада оширди. Авария ва насослик ишлари вақти қисқарди, бу эса аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини сезиларли даражада яхшилади. Шу билан бирга, ер остидан ўтган ички тармоқлар тўлиқ текширилди ва эски, самарасиз сув қувурлари замонавий, чидамли ва энергия тежамкор қувурлар билан алмаштирилди.

Ҳудудга олиб келинган техникалар қаторида 3 та ТП экскаватор, 3 та авария бригадалари техникаси ва 3 та GLONASS билан жиҳозланган насос қудуқлари мавжуд. Бу воситалар орқали техник хизматлар тезкор ва самарали амалга оширилмоқда.

Тизим ходимлари маҳаллалардаги ичимлик сув тармоқларининг 8,3 км қисми мукаммал, 13,6 км қисми эса жорий таъмирдан ўтказди. Шунингдек, 156 та насос ва ускуналар ҳам жорий ва мукаммал таъмирланди. Эски ва кўп энергия сарфлайдиган 26 та насос энергия тежамкор ва самарали насослар билан алмаштирилди. Ҳозирда аҳоли узлуксиз ва барқарор сув таъминоти билан таъминланган.

–  Бир неча йил аввал маҳалламизда нафақат ичимлик суви, балки оқова сув билан боғлиқ муаммолар ҳам кузатилар эди, –  дейди Гулистон шаҳридаги “Истиқлол коммунал хизмат таъмир” бошқарув-сервис компанияси раиси Замира Зулфиқорова. –  Бугун сув таъминоти тизими модернизация қилингани туфайли маҳалла аҳолиси учун тоза ичимлик суви ва оқова сув масалалари тўлиқ ҳал этилди.

Шу тариқа, Сирдарёда сув таъминоти соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат техник жиҳатдан, балки аҳолининг турмуш сифати ва қониқишини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тежамкор техникалар орқали сув таъминоти барқарорлашди ва аҳоли учун узлуксиз хизмат кафолатланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири