ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфида 37 та насос станцияси мавжуд бўлиб, улар орқали вилоят қишлоқ хўжалиги экин майдонлари самарали суғорилмоқда.
Бошқарма тизимида 473 та ер ости тик қудуқлари мавжуд бўлиб, улар зах қочириш, суғориш ва яйлов сув таъминоти учун хизмат қилади.
Ўтган йилда бошқарма белгиланган режаларни уддалаб, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Хусусан, 2025 йилда электр энергия лимити 119,633 млн кВт соат бўлиб, амалда 92,619 млн кВт соат сарфланди. Шу даврда 667,88 млн метр³ сув чиқарилиб, экин майдонларига йўналтирилди.
Кузги-қишки таъмирлаш тадбирлари ўз вақтида амалга оширилиши мавсумни беталофат ўтказишда муҳим аҳамиятга эга. 2025–2026 йил кузги-қишки таъмир ишлари доирасида Хатирчи туманидаги “Тосс насос” станциясининг 4 та насос агрегатига Д3200-75, Қизилтепа туманидаги “Ўртачўл” ва “Бўстон-2” станцияларига 1 та Д12500-24 ва 2 та Д6300-80, Навбаҳор туманидаги “Қалқон” станциясига 2 та Д5000-32 турдаги янги замонавий роторлар ўрнатилди.
[gallery-27698]
Бу амалий ишлар Кармана механика ва таъмирлаш цехи ходимлари томонидан сифатли амалга оширилди. Цех 2003 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда ва ҳозирда 15 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритмоқда. Асосий вазифаси — насос агрегатлари эҳтиёт қисмларини таъмирлаш.
— 2025-2026 йилги кузги-қишки тадбирлар доирасида барча таъмирталаб насос агрегатлар ва тиқ қудуқларда жорий ва тубдан таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, вилоятимиздаги аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликларига кафолатли сув етказиб бериш учун барча агрегатлар шай ҳолатга келтирилди, - дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Акмал Ҳамидов.
2026 йилда бошқарма тасарруфидаги насос станцияларга 5 та насос, 7 та электродвигатель, 70 кВт қуёш панеллари ва 2 та сув иситиш қурилмалари ўрнатилди. Ҳозирда II чоракда яна 2 та насос ва 5 та электродвигатель сотиб олиш ва ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Асосий мақсад — қишлоқ хўжалиги майдонларини сув билан таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозор тўкинлигига ҳисса қўшиш.
ЎзА фотомухбири
Сирож АСЛОНОВ олган суратлар.