Мамлакатимизда энергия тежамкорлиги ва қайта тикланувчи, яъни “яшил” энергия манбаларини ривожлантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Юртимизда ушбу соҳадаги ислоҳотлар ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали иқтисодий самарадорликни ошириш билан бирга экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳам энергия тежамкорлигини таъминлаш ва экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Мазкур ташкилот ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов бу борада эришилган натижалар ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
–Давлатимиз томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш вазифалари белгилаб берилган бўлиб, ташкилотимиз ушбу йўналишда салмоқли ишларни амалга оширди. Қайта тикланувчи энергия объектлари қурилиши, замонавий технологияларни жорий этиш ва энергия тежаш чора-тадбирлари натижасида корхоналаримизда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича муҳим натижаларга эришилди.
Масалан, жорий йилнинг 7 ойи мобайнида жамият томонидан 72,9 миллион киловатт соат электр энергияси ва 34,48 миллион метр куб табиий газ тежалди. Бу кўрсаткичлар режага нисбатан 132 фоиз ва 101,5 фоизни ташкил этмоқда.
Президентимизнинг энергия тежамкорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖда бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Корхона ва бошқармаларда частота ва реактив қувватни компенсациялаш қурилмалари, энергия тежамкор насослар, компрессорлар ва замонавий технологиялар ўрнатилди. Шунингдек, 29,3 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси, қуёш сув иситгичлари ҳамда қуёш панелли ёритиш чироқлари жорий қилинди. Бу эса энергия сарфини сезиларли даражада камайтирди.
Шу кунларда Шўртан газ кимё мажмуасида 48 минг метр куб чиқинди газидан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича самарали лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, мажмуада 36,8 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 14 297 тонна СО2 чиқиндисини атмосферага чиқишининг олди олинади. Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида қуввати 7 МВт бўлган газ-поршенли электр станцияси бунёд этиляпти. Бу лойиҳа сабаб 47 миллион килолватт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, тизим корхона ва бошқармаларида қуввати 95 МВт ёки 190 МВт*соат бўлган BESS (Battery Energy StorageSystem) энергия йиғиш аккумулятор модуллари жорий этиляпти. Албатта, бундай чора-тадбирлар натижасида электр энергияси ва ёқилғи ресурсларини тежаш, шу билан бирга, экологик барқарорликка эришилади.
Галдаги режа эса жорий йил якунига қадар 98,2 миллион киловатт соат электр энергияси ва 72 миллион метр куб табиий газ тежашдир.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг самарали ислоҳотлари ва инвестиция лойиҳалари энергия ресурсларини тежаш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Янги технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш орқали республика иқтисодиётининг ривожланиши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга салмоқли ҳисса қўшилмоқда. Бу эса мамлакатнинг барқарор ва экологик жиҳатдан тоза келажаги йўлида устувор қадамлардан биридир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.