Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия тежамкор қурилмалар табиий газнинг 50 фоизгача иқтисод қилинишига олиб келади
18:58 / 2021-05-22

Бугунги кунда дунё бўйича ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талаб-эҳтиёжнинг узлуксиз ошиб бораётганини инобатга олсак, асосий талаблардан бири электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиш ва уни имкон қадар тежамкорлик билан ишлатиш кераклигини англатади. Бу нафақат жамият учун, балки оиламиз учун ҳам наф келтиради.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 августда қабул қилинган “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу борадаги муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш чора-тадбирлари белгилаб берилган.

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали томонидан вилоятдаги аҳоли хонадонларига ўрнатилган маънан эскирган ва кўп газ сарфлайдиган газ горелкали қурилмаларни энергия тежамкор қурилмаларга алмаштириш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Истеъмолчиларга тежамкор горелкаларнинг иқтисодий томондан афзаллиги билан бирга хавфсиз жиҳатлари ҳақида ҳам маълумотлар берилмоқда.

Олиб борилган тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг айни вақтига қадар аҳоли хонадонларидаги эскирган, кўп газ сарфлайдиган 1963 та газ горелкалари, улгуржи истеъмолчилардаги 255 та кўп газ сарфлайдиган қурилмалар энергия тежамкор қурилмаларга алмаштирилди. Биргина апрель ойининг ўзида эса 361 та маънавий эскирган газ ускуналари замонавий энерготежамкор газ ёндиргичларига ўзгартирилди.

– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, иситиш қозонининг эски газ горелкасини автоматлаштирилган турига алмаштириб, 50 фоизгача табиий газни иқтисод қилиш мумкин, – дейди “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалининг “Сервис хизматни ривожлантириш” бўлими бошлиғи Ойбек Мавлонов. – Демак, тежамкор горелка ўрнатиш учун қилинган харажат бир куз-қиш мавсумининг ўзида қопланади. Аммо истеъмолчиларнинг аксари тежамкор газ горелкалари ўрнатишда унинг харажатлари ҳақида ўйлашади. Ҳозир республикамиз бўйлаб истеъмолчиларга “Табиий газ назорати ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими” лойиҳаси (ГНҲАТ)ни жорий этиш ишлари давом этмоқда. Ускуна истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида маълумотларни узатади. Шунинг учун ҳам ҳозирда истеъмолчилар назарида сарф қилинган табиий газ ҳисоб-китоби олдингига қараганда фарқ қилади. Агар тежамкор горелка ўрнатилса, газ тежалади, истеъмолчи учун чиқим камаяди.

Вилоят аҳоли хонадонларида 2218 та истеъмолчининг иситиш қозонлари горелкалари энерготежамкор газ ускуналарига алмаштирилиб, бир ойда 332 минг метр куб газ ёки 126 миллион сўм маблағ тежалишига эришилмоқда. Қиш мавсумида эса, бу кўрсаткич 1 миллион 663 минг метр куб газ ёки 632 миллион сўм маблағни ташкил этади. Тежамкор горелка қанча кўп ўрнатилса, тежалган газ ва маблағ ҳажми ҳам шунча ортиб бораверади.

Иқтисод қилинган маҳсулот орқали эса энергия ресурсларига ортиб бораётган талаб-эҳтиёжни қондириш имконияти юзага келади.  

Абдували Бўриев, ЎзА