Ўзбекистон саноат секторида замонавий технологияларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шу доирада "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ва "Flowserve Corporation" (Америка Қўшма Штатлари) компанияси орасида ҳамкорлик мумтаҳкамланмоқда.
Яқинда мазкур ташкилотлар масъуллари ўртасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Унда АҚШда эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш, энергия тежамкор насослар технологиясини жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва мавжуд насос станцияларини модернизация қилиш бўйича амалий қадамлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, "Flowserve Corporation" дунёда насослар, клапанлар ва турли саноат қурилмалари ишлаб чиқариш бўйича етакчи компаниялардан бири бўлиб, саноатнинг турли соҳаларида самарали ечимлар тақдим этади.
Учрашув якунида тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш ҳамда ҳамкорлик бўйича келишувни имзолаш юзасидан келишувга эришилди. Ушбу ташаббус Ўзбекистонда энергия тежамкор насослар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва маҳсулот сифатини оширишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА