English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия тежамкор лойиҳалар
19:04 / 2019-11-07

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташаббуси билан мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.


Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташаббуси билан мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Энергия самарадорлигини ошириш миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир. Кейинги йилларда республикамизда мавжуд ресурслардан, шунингдек, хонадонларда ва ишлаб чиқаришда электр энергиясидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам ушбу қарор мазмун-моҳиятини ва унда белгиланган вазифаларни, шунингдек, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини иштирокчиларга таништиришдан иборат бўлди.

Таъкидландики, юқорида қайд этилган қарор билан 2030 йилга қадар қайта тикланадиган энергия манбаларини янада ривожлантириш кўзда тутилган бўлиб, уларнинг улушини электр энергиясининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш белгиланган. Шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги имтиёзлар ва преференциялар ҳамда келгусидаги асосий устуворликлар, шу билан бирга, қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш, 2019-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш комплекс дастури ижросини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланган. Шунингдек, қарорда комплекс дастурни молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилган.

– “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан 2011 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда, – дейди Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа раҳбари Алишер Алимбоев. – Лойиҳа Жаҳон банки ва мамлакатимиз тижорат банкларининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Пировардида, кўп энергия сарфлайдиган корхоналар ишлаб чиқариш жараёнида электр энергияси ва табиий газ истеъмолини сезиларли даражада камайтириш имкони юзага келади. Хусусан, 2011 йилдан буён 30 дан ортиқ саноат корхонасига имтиёзли кредитлар берилди. Бугунги кунга қадар 82 кичик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Лойиҳалар энергия талаб қиладиган соҳалар, жумладан, нефть-газ, тоғ-кон, кимё, электр энергияси, қурилиш ва қайта ишлашда амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида йилига 500 миллион кВт.дан ортиқ электр энергия ва 187 миллион куб метр табиий газ тежалади. Бундан ташқари, лойиҳада иштирок этувчи компанияларнинг атмосферага зарарли чиқиндилар чиқариши сезиларли даражада камаяди.

Лойиҳалар амалиётга муваффақиятли татбиқ этилгани боис жорий йил 28 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида "Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” (2-қўшимча молиялаштириш)" лойиҳаси доирасида Европа инвестиция банки маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва унга кўра, яна қўшимча 100 миллион евро маблағ жалб қилинадиган бўлди.

Тадбир давомида савдо ярмаркалари ҳам ташкил этилди. Унда энергия тежовчи ва қайта тикланувчи қурилмаларни ишлаб чиқарувчилар, йирик корхоналар, шунингдек, тижорат банклари энергия самарадорлиги соҳасидаги ютуқларини намойиш этиш имконига эга бўлди.