French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия тежамкор газ ускуналари ҳар томонлама қулай ва фойдали
10:21 / 2025-11-17

Бугунги кунда Навоий вилоятининг Кармана туманида 30 минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари табиий газдан фойдаланади.

Бу эса ўз навбатида аҳоли ва улгуржи истеъмолчилардан газни иқтисод қилишни, хонадонлар ва ижтимоий объектларда энергия тежамкор газ ускуналаридан фойдаланишни тақозо этади. Шу боисдан “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан доимий тарғиботлар олиб борилиб, замонавий энергия тежамкор газ ускуналарининг афзалликлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда. 

Ҳозирда туманнинг Ўзбекистон маҳалласида табиий газ истеъмочилари сони 205 тани ташкил этади. Бу ердаги аҳоли хонадонларида жами 85 та замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичи ўрнатилди. Замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичлари табиий газни тахминан 30-35 фоизга иқтисод қилади. Муҳими у хавфсизлик автоматикасига эга. 

– Хонадонимизга замонавий тежамкор газ ёндиргич ўрнатганмиз, – дейди Яхшигул Очилова. – Бу жиҳоз табиий газни анча иқтисод қилишини гувоҳи бўлдик, хонадонимиз хавфсиз, иссиқликдан муаммо йўқ, табиий газга тўловимиз ҳам камайди. 

Айтиш керакки, аҳоли хонадонлари баробарида аксарият ижтимоий соҳа объектларида ҳам биноларни иситишда тежамкор газ ускуналаридан фойдаланилмоқда. Буни тумандаги 13-давлат мактабгача таълим ташкилоти мисолида ҳам кўриш мумкин. Авваллари бу ташкилот биносини иситишда эски газ иситиш жиҳозларидан фойдаланиб келинган бўлса, ҳозирда замонавий иситиш қозонхонаси орқали бинони иситиш йўлга қўйилган. 

– Замонавий тежамкор иситиш қозонхонасидан фойдаланиб келаётганимизга икки йил бўляпти, – дейди боғча мудираси Гавҳар Нормуродова. – Илгари бутун бинони иситишда иккита қозонхонадан фойдаланардик, ишчи кучи ҳам сарф бўларди. Ҳозир автоматлаштирилган замонавий тежамкор иситиш қозонхонасидан фойдаланишимиз натижасида газ сарфи ўтган йилларга қараганда 25-30 фоизга камайди. Бу ташкилот бюджетига фойда бўляпти. Ишчи кучи ҳам шарт эмас. 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 30 октябрь ҳолатига туман бўйича 1 минг 397 та энергия тежамкор газ ёндиргичлари ўрнатилган. Йил охирига қадар эса бу кўрсаткич янада оширилади. Тарғибот ишлари эса давом этмоқда.

А.Бўриев, ЎзА