Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия таъминотидаги истиқболли лойиҳалар
14:43 / 2025-12-06

Бухоро вилояти Олот туманида қуввати 250 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 63 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими, Ғиждувон ва Пешку туманларида эса 1052 МВтли шамол электр станцияси ишга туширилди. Ғиждувон туманида эса 300 МВтли шамол электр станцияси қурилиши бошланди.

Бухороликлар ҳам мамлакатимиз саноатида яна бир ёрқин саҳифа очаётган, тарихий ва унутилмас бир воқеанинг гувоҳи бўлди. Ўзбекистонда йирик энергетика қувватлари ишга туширилди ва навбатдагиларининг қурилиши бошланди. Президентимиз янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларининг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали тадбирда иштирок этди.

Вилоятда салоҳиятли инвесторлар иштирокида қиймати 2,2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 2,0 ГВт қувватли шамол ва қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш ишлари якунланди.

Вилоятда ўртача йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш истеъмолга нисбатан 1,5 баробарга ошди. Аниқроғи, вилоятнинг электр энергия истеъмоли 4,1 миллиард кВт бўлса, электр ишлаб чиқариш қуввати эса 6,0 миллиард кВтга етказилди. Бу эса ўртача 1,8 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини берди ва атмосферага 1,7 миллион тонна зарарли газлар чиқишини олди олинди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 30 ноябрдаги қарори асосида Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси томонидан Олот туманида қуввати 250 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 63 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимининг ишга туширилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий тасдиғидир.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида “Масдар” компанияси томонидан қиймати 273 миллион долларга тенг инвестициялар жалб қилинди. 648 гектар ер майдонида қуввати 250 МВт бўлган қуёш панелларини қуриш ишлари олиб борилди. Умуман, мазкур қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилиши билан объект Марказий Осиё минтақасидаги йирик қуёш фотоэлектр станцияларидан бирига айланди. 

– Албатта, бу инвестиция лойиҳаси юртдошларимиз турмуш даражасини ошириш, улар учун янада қулай шароитлар яратиш, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида олиб борилаётган сиёсатнинг узвий давомидир. Ишончим комилки, келгусида бу борада иқтисодиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшадиган, унинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлайдиган яна кўплаб йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилади, – дейди меҳнат фахрийси Саидқули Оққиев.

Вилоятда салоҳиятли инвесторлар иштирокида 2030 йилгача энергетика соҳасида қиймати 3,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 2,7 ГВт қувватли шамол ва қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар Бухоро вилоятида янги саноат даврини яратиш йўлидаги йирик қадамлардан биридир. Зеро, йиллар давомида кузатилган энергия таъминотидаги танқисликлар шу каби йирик истиқболли лойиҳалар орқали барҳам топиб бормоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.