English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия ресурсларининг ўғринча ишлатилиши оқибатида давлат манфаатига 552 миллиард 500 миллион сўмлик зарар етказилган 
17:32 / 2024-06-19

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев жорий йилнинг ўтган даврида электр энергияси, нефть ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари натижасида тизимга етказилган зарарлар ҳақида маълумот берди.

Унда таъкидланишича, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2024 йил 1 январдан 15 июнгача ўтказилган 40,8 мингта назорат тадбири чоғида жами 38,8 мингта ноқонуний ҳолат аниқланган. Мазкур ноқонуний ҳолатларнинг 13,5 мингтаси табиий газдан, 25,3 мингтаси эса электр энергиясидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқдир. 

–Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари Навоий, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ аниқланган. Мамлакатимизда айрим ҳуқуқбузарлар томонидан ҳисобот даврида 255 миллиард 200 миллион сўмлик табиий газ ҳамда 297 миллиард 300 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами 552 миллиард 500 миллион сўмлик зарар етказилган. Уларга нисбатан 479 та жиноят ишлари қўзғатилган. 

Мисол учун, Фарғона вилоятининг Риштон туманида фаолият юритувчи МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган компрессор агрегатлари тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланилиб, 3 миллиард 600 миллион сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган. Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги фермер хўжалиги эса ўзига қарашли бинода яширин йўллар билан қўшимча тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келган. Унинг бу жиноий қилмиши оқибатида давлат манфаатларига 3 миллиард 374 миллион сўмлик зарар етказилган. 

Шу каби Тошкент вилоятининг Тошкент туманида истиқомат қилувчи фуқаро ўз хонадонининг ертўласида майнинг қурилмаларини ҳисоблагичдан ташқари яширин йўл билан электр тармоғига улаб, ҳисобга олинмаган 3 миллиард сўмлик электр энергиясини исроф қилган, – деди Ҳ.Тошхўжаев. 

Брифингда айтиб ўтилганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 17,2 мингта маъмурий ҳамда 715 та жиноий иш расмийлаштирилиб, айбдорлар тегишли тартибда жазога тортилган. 

Шунингдек, тадбирда энергия ресурслари тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик борлиги таъкидланди. Унга кўра, ўзбошимчалик билан ҳисоблагичсиз тармоққа уланиш учун амалдаги тариф бўйича етказилган зарарнинг камида 3 баробарига тенг коэффициентда жарима ҳамда майнинг қурилмаларини тармоққа ноқонуний улаганлик учун эса етказилган зарарнинг 5 баробари миқдорида жарима қўлланилади. 

Қонунчиликка кўра, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик ёки табиий газ тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини ва табиий газни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Мазкур жиноят учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА