Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш чоралари белгиланди
14:37 / 2026-01-14

Республика Бош прокурори ўринбосари С.Самадов Булунғур туманида ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганиш давомида туманда амалга оширилаётган қурилиш жараёнлари, ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати ҳамда белгиланган лойиҳа ва сифат талабларига риоя этилиши  билан танишилди.  

Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивида аҳоли турар жойлари, таълим ва тиббиёт муассасалари қурилиши, ушбу объектларга коммунал хизмат кўрсатиш масалалари масъуллар билан бирга ўрганилди.  

Шунингдек, тумандаги ариқ ва коллектор тармоқларини бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасидаги ишлар кўздан кечирилди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Туман ҳокимлигида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, мавжуд қарздорликни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш ҳолати, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, ноқонуний уланишларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.  

Бош прокурор ўринбосари энергия ресурсларидан қарздорликни бартараф этиш, қонунийликни таъминлаш, масъул ташкилотлар фаолиятида интизомни кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйди. Мазкур йўналишдаги ишлар доимий назоратга олиниши таъкидланди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири