Энергетика соҳаси мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожида асосий ўрин тутади. Электр ва газ тармоқларини барқарор ва хавфсиз ишлатиш нафақат ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлигини таъминлайди, балки инсон ҳаёти ва атроф-муҳит хавфсизлигини ҳам таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, энергетика объектларида эксплуатация ишлари ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳолатлари мунтазам назорат қилиб борилиши зарур.
Шунга кўра, айни кунларда республика ва маҳаллий ишчи гуруҳлари томонидан объектларда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши ҳамда потенциал хавфли ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

"Ўзэнергоинспекция" бошлиғи Дадажон Исақулов ўрганиш жараёнлари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– Бугунги кунда республика ва вилоятлардаги энергетика объектларида хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатини аниқлаш мақсадида тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги марказий деҳқон бозорлари, овқатланиш шохобчалари ҳамда электр тармоқлари объектларида хавфли ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг бартараф этилишини таъминлаш ишлари ташкил этилгани бунга мисолдир.

Ишчи гуруҳлар томонидан объектлардаги таъмирлаш ва эксплуатация ишлари, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиниши батафсил текширилмоқда. Хусусан, Оқолтин туманидаги 10 кВ ҳаво тармоғида таъмирлаш ишларини олиб бораётган бригадада ташкилий ва техник тадбирларни бажармасдан, кўчма ерлагич ўрнатилмаган ҳолда ишлаш ҳолатлари аниқланган. Бу каби ҳолатлар инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкинлиги сабабли зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги бозорлар ва савдо мажмуаларида газ ва электр энергиясидан фойдаланишда хавфсизлик чоралари ва норматив ҳужжатларга риоя этилиши бўйича амалга оширилган ишлар ҳам назоратдан ўтказилмоқда.
Газ-ҳаво аралашмаси чақнаши, ёнғин, ис газидан заҳарланиш каби нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида аҳолига техник ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоятидаги энергетика объектларида қиш мавсумини беталафот ўтказиш, энергия ресурсларини иқтисод қилиш ва уларни талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш борасида ҳам кенг қамровли ўрганишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Жиззах шаҳрида жойлашган 110/10 кВ “Марказ” подстанциясида қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик ва юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатлар текширилди. Шу билан бирга, энергетика объектларида авария юзага келганда бригадаларнинг ишчи ҳолатда эканлиги ҳам назорат қилинмоқда.
Таъкидлаш керакки, бу каби назорат тадбирлари нафақат соҳадаги ишларнинг самарадорлигини оширади, балки аҳоли ҳаёти ва мол-мулк хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Республика ва маҳаллий ишчи гуруҳлари объектлардаги ҳолатни мунтазам таҳлил қилиб, аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўряпти.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.