Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши курашда қатъийлик оширилмоқда
14:17 / 2025-06-05

Мамлакатимизда энергетика ресурсларидан оқилона, самарали ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, соҳага оид қонунбузилишларнинг олдини олиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. “Ўзэнергоинспекция” ҳамда тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўтказилаётган назорат тадбирлари ана шу мақсадларга хизмат қилаётир.

–Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу каби ноқонуний ҳолатлар нафақат иқтисодий, балки энергетик хавфсизликка ҳам жиддий таҳдид солади. Яқинда Фарғона вилоятининг Данғара туманида жойлашган “А. М.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли алюминийни қайта ишлаш цехида газ ҳисоблагичдан ташқари ўрнатилган яширин қувур орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарлик туфайли давлатга 1 миллиард 805 миллион сўм зарар етказилган, – дея таъкидлади “Ўзэнергоинспекция”  бошқарма бошлиғи Ботир Ёқубов. 

Шунингдек, Қувасой шаҳридаги “М.” МЧЖга қарашли АЁҚШ томонидан сотувга чиқарилган АИ-80 ва АИ-92 маркали бензин намунаси давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги, сифати паст экани аниқланди. Бу ҳолатга нисбатан нефть маҳсулотлари қийматининг 50 фоизи, яъни 75 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.

–Сифатсиз ёнилғи аҳоли ва транспорт воситалари учун хавфли. Биз нафақат зарарни ҳисобга оламиз, балки мавжуд захиралар таркибини ҳам таҳлил қилиб, уларни сотувдан олиб ташлаш бўйича топшириқ берамиз. Бундан ташқари, “Ўзэнергоинспекция”нинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси ва ички ишлар бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирида Термиз туманидаги “З. Ш.” МЧЖга қарашли умумий овқатланиш масканида ҳам ҳисоблагичдан ташқари уланган ҳолда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди. Корхонага етказилган зарар 300,5 миллион сўм этиб белгиланди. Ҳозир мазкур ўғринча ҳаракат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган. Биз соҳага оид ҳар қандай қоидабузарликни аниқлаш ва бартараф этишга тайёрмиз. Ушбу чоралар эса адолатли ва шаффоф бозор шароитларини таъминлашга хизмат қилади, – деди Б.Ёқубов.

Бу йўналишдаги ишлар келгусида ҳам қатъий давом эттирилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА