English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш давлатга 622,4 миллиард сўм зарар етказди
16:49 / 2025-07-08

АОКАда ўтказилган брифингда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг маълум қилишича, мазкур ташкилотда “Коррупцияга қарши курашиш бўйича долзарб 100 кунлик” тадбири эълон қилинган. Унга кўра, соҳада коррупцияга йўл очувчи хавфли ҳолатларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳ шакллантирилиши белгиланган.

Шунингдек, жорий йилнинг шу вақтигача ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва энергетика корхоналари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 1 минг 394 та истеъмолчи томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилган. Текширувлар натижасига кўра, 118,8 миллион метр куб табиий газ (294,8 миллиард сўм), 197,1 миллион киловатт-соат электр энергияси (327,5 миллиард сўм) ноқонуний фойдаланилгани аниқланган. Умумий зарар ҳажми 622,4 миллиард сўмни ташкил этган.

Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари юзасидан 2 минг 333 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Улардан 1 минг 78 таси электр энергияси ва 1 минг 255 таси табиий газ билан боғлиқ қоидабузарликлардир.

Энергетика объектларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари вақтида хавфсизлик талабларига риоя қилинмаган ҳолатлар юзасидан 166 та бригаданинг иши ўрганилди. 89 та бригада қоидаларга амал қилмагани учун ишдан четлатилди.

–Нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирларида 306 та ҳолатда, умумий ҳажми 3 миллион 870 минг литр бўлган сифатсиз маҳсулот аниқланиб, уларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилмади. Инспекция томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган давлат хизматлари доирасида умумий қуввати 1 353 МВт бўлган 6 минг 606 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. 3 минг 751 та истеъмолчининг қурилмалари тармоққа уланишига рухсат берилди. Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида жисмоний ва юридик шахслардан 1 183 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 781 таси ижобий ҳал этилган, 376 тасига тушунтириш берилган. Айни чоғда 26 таси бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, – деди Н.Норбобоев.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА