Энергия ишлаб чиқарувчининг ўзи “яшил энергия”дан фойдаланмоқда
Бу хабарни ўқигач, “Бўзчи белбоққа ёлчимабди”ми, деманг. Асло ундай эмас. Гап янгиликка интилувчанлик, изланиш ва изчилликда. Ҳа, Фарғона иссиқлик электр марказида энергия самарадорлигини ошириш мақсадида яшил энергия – қуёш панелларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Яъни электр энергия ишлаб чиқарувчи марказ энергияга бўлган ўз эҳтиёжини муқобил энергия манбаалари асосида қоплаш мақсадида айни кунларда 3,2 mVt қувватга эга қуёш фото электр станциясини ишлатмоқда. Натижа қандай, дерсиз. Мана, қаранг, шу йилнинг етти ойида жами 2,1 млн kVt соат электр энергияси ва 339 минг кубометр табиий газ тежаб қолинди.
Бу нима дегани? Электр энергияси ишлаб чиқариш учун қуёш панеллари орқали сарфланган энергия 10339 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг.

Корхона ҳудудида йирик сув идишлари ўрнатилган биноларни кўрасиз. Ҳа, топдингиз, энди фарғоналик электр маркази мутахассис, ишчи-ходимлари маиший эҳтиёжга сарфланадиган сувни ҳам қуёш панеллари ёрдамида иситмоқда. Шундай қилиб, 14 та сув иситиш қурилмасида 6 минг кубометр газ ва 29,2 гекокалория иссиқлик энергияси тежалаяпти.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири