Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергия аудити ва рақамли платформанинг имкониятлари қандай?
13:10 / 2026-01-26

Мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш ва ресурсларни тежаш масаласи кун тартибида турибди. Соҳадаги мавжуд муаммолар ва имкониятларни таҳлил қилиш, қонунчиликни такомиллаштириш ва энергия аудит хизматлари сифатини ошириш учун замонавий механизмлар жорий қилиш ҳар томонлама муҳокама қилинмоқда.

Пойтахтимизда “Энергия аудит соҳасидаги долзарб масалалар” мавзусида ташкил этилган республика семинарида бу борада атрофлича фикр алмашилди.

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Энергетика вазирлиги, “Ўзэнергоинспекция” вакиллари, халқаро ташкилотлар, энергия аудиторлари ва уларни тайёрловчи таълим муассасалари, Энергетиклар уюшмаси ҳамда соҳанинг малакали мутахассислари иштирок этди.

Унда мутахассислар қайд этганидек, энергия аудит соҳасидаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш, қонунчилик ва норматив базани такомиллаштириш, шунингдек, хизмат сифати ва самарадорликни яхшилашга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқиш бугунги кун талабидир. Шунга кўра, тадбир давомида энергия аудитини рақамли платформа - esma.uzex.uz орқали ташкил этиш ва назорат қилиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур платформа аудиторларни танлаш, ҳисоботларни шакллантириш ва хизматларнинг шаффофлигини таъминлашда муҳим қадам. Платформа оператори Республика товар-хом ашё биржаси ҳисобланади. 

Тадбирда энергия аудиторларини сертификатлаш жараёнлари ҳам таҳлил этилди. Унда таъкидланишича, сертификатлаш бино-иншоотлар ва саноат соҳалари учун алоҳида йўналишларда амалга оширилади. Шунингдек, аудиторларнинг ягона реестри, уларнинг малака тоифалари ва рейтинг тизими, ҳамда давлат ва хусусий сектор объектларида аудитни амалга ошириш тартиблари мавжуд. Ҳозир платформада энергия аудиторларининг ягона реестри модули фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида 10 та таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида энергия аудиторларини тайёрлаш ва сертификатлаш тизими йўлга қўйилган.

Шунингдек, тадбирда аҳоли уй-жойлари учун энергия аудитини ташкил этиш ва энергия тежамкор қурилмаларни ўрнатишни рағбатлантириш чоралари муҳокама қилинди. 2025 йилда ушбу чора-тадбирлар доирасида аҳолига энергия аудити ва қурилма харидлари учун субсидия ажратилди. Ушбу маблағларнинг катта қисми энергия самарадор қурилмаларга, қолгани энергия аудит харажатларига йўналтирилган.

Семинар якунида энергия аудит соҳасини ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда энергия аудит хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қатор муҳим таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА