Энергия самарадорлиги ҳар қандай йирик корхона ва хизмат кўрсатиш объектлари учун устувор аҳамиятга эга. Йиллик катта истеъмолчи компанияларда ёқилғи ва электр энергиясини оқилона фойдаланиш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан муҳимдир.
Шу билан бирга, амалга оширилаётган энергия аудитлари фақат юзаки текширувлар билан чекланса, самарали таҳлил ва аниқ хулосалар чиқариш имкони чекланади. Бу эса ресурсларни тежаш ва самарадорликни ошириш борасидаги қарорларнинг сифатини пасайтиради.
Шу сабабли, яқинда “Ўзэнергоинспекция” томонидан 500 тонна ва ундан ортиқ шартли ёқилғи ҳамда 250 тонна ва ундан ортиқ мотор ёқилғини истеъмол қилувчи 5 та йирик юридик шахсда энергия аудити текширилди.
– Хусусан, Тошкент шаҳрида жойлашган “Ҳ.Т.” МЧЖнинг 9 та иссиқлик марказида ўтказилган энергия аудити 4 ой давомида амалга оширилди. Текширув натижалари шуни кўрсатдики, экспериментал ўлчов ишлари чала ва юзаки бажарилган, яъни ёқилғи ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни баҳолаш тўлиқ эмас. Шу билан бирга, хулосада анъанавий тавсиялар қўлланилиши натижасида “Т. И. М.” МЧЖда фақат 18 545 минг метр куб (2,2 фоиз) табиий газ ва 4 773 минг кВт соат (1,9 фоиз) электр энергияси иқтисоди кўрсатилган, нефть маҳсулотлари иқтисоди эса умуман ўрганилмаган. Бу ҳолат аудит сифати ва натижаларининг етарли эмаслигини очиқ кўрсатади, – деди инспекция ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, аудит жараёнида аниқлик ва чуқур таҳлилнинг йўқлиги ресурслардан самарали фойдаланишни баҳолашда катта чекловларга олиб келади. Аудитор ташкилотига камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлса-да, улар амалга оширилмаса, энергия самарадорлиги ҳақида ишончли ва тўлиқ хулосалар чиқариш қийин бўлади. Бу эса соҳадаги бошқарув самарадорлигининг пасайишига олиб келади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА