Бу ҳақда "Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати маълум қилди. Унга кўра, мажбурий энергия аудитини ўтказиш бўйича белгиланган талабларни бажармаган корхоналарга нисбатан қонунчилик доирасида таъсир чоралари кўрилмоқда. Хусусан, энергия аудитини ўз вақтида ташкил этмаган корхона раҳбар ва мутасаддиларига нисбатан жами 63 та маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди.
Давлат энергетика реестри маълумотларига кўра, 2025 йилда 357 та корхонада мажбурий энергия аудити ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ йил давомида корхоналардан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилиниб, фаолияти қисқарган ёки бутунлай тугатилган 38 та корхона аниқланди. Мазкур корхоналар Давлат энергетика реестридан чиқарилиб, натижада 2025 йил якунига қадар 319 та корхонада энергия аудитини ўтказиш белгиланди.
Олиб борилган ишлар натижасида ҳозирги кунда 114 та истеъмолчининг энергия аудити тўлиқ якунланган. Қолган корхоналарда эса аудит ишлари амалда давом этмоқда ва белгиланган тартибда босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Энергия аудитлари натижаларига кўра, ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга қаратилган 1052 та ташкилий-техник чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ушбу тавсияларнинг амалга оширилиши ҳисобига 797,5 миллион кВт соат электр энергияси, 247,2 миллион куб метр табиий газ, 215,4 минг Гкал иссиқлик энергияси ҳамда 2,5 минг тонна нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш имконияти яратилмоқда.
Шу билан бирга, энергия самарадорлигини ошириш ва энергия аудитлари жараёнини рақамлаштириш мақсадида Ягона энергия аудити тизими платформаси ишга туширилди. Мазкур платформа орқали бугунги кунга қадар энергия аудитини ўтказиш дастурларини келишиш бўйича 39 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 22 таси белгиланган тартибда маъқулланди.
Айни пайтда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА