Бугун “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида 22 декабрь –Энергетиклар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Энергетика соҳаси фахрийлари, акциядорлик жамияти ошқаруви аъзолари ҳамда тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар иштирок этган тадбирда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Руслан Мубаракшин жорий йилда соҳада амалга оширилган ишлар, инвестицион лойиҳалар ижроси ҳамда модернизация жараёнлари хусусида тўхталиб ўтди.
– Сўнгги икки йилда иқтисодиёт тармоқлари ривожи ва аҳоли эҳтиёжларининг ортиб бориши натижасида электр энергиясига бўлган талаб йилига ўртача 2-2,5 дан 3 миллиард кВт соатгача ўсиб бораётганлигини кузатяпмиз. Бу кўрсаткич барчамизни мамнун қилиши аниқ, чунки бу билан республиканинг саноат салоҳияти ўсиб бормоқда, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароит яратилмоқда.
Энг муҳими, аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражаси ошмоқда. Бу эса бизнинг олдимизга электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнини янада ривожлантириш, соҳага энергосамарадор технологияларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш вазифасини қўймоқда, – деди Р.Мубаракшин.
Электр энергикаси тармоғи жамият ҳаётида муҳим саналган таянч соҳалардан бири ҳисобланади. Унинг ривожланишида малакали ҳамда фидойи кадрларнинг ўрни беқиёс. Тадбир доирасида ўзининг кўп йиллик ҳаётини соҳага бағишлаган, билим ва тажрибаси билан кўплаб ёшларни тарбиялаган, камтарин ва меҳнаткаш фахрийларга, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган бир гуруҳ ишчи-хизматчиларга “Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида хизмат кўрсатган энергетик”, “Энергетига фахрийси” фахрий унвонлари ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги элект энергетика кенгаши ҳамда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг фахрий ёрлиқлари, эсталик совғалари тантанали топширилди.
– Мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиши, ҳаётимизнинг турли жабҳаларида ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишида электр энергияси ишлаб чиқариш тизими корхоналарининг ўрни беқиёс, – деди меҳнат фахрийси Х.Абдуллаев. – Айниқса, унда фаолият олиб бораётган ишчиларнинг меҳнати катта. Шу сабабдан, мен ҳам ушбу соҳа ходими бўлганимдан фахрланаман. Камтарона меҳнатим эътироф этилганидан бошим кўкка етди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎЗА