Ҳар бир корхона ва ташкилотда ходимлар хавфсизлиги устувор вазифа ҳисобланади. Айниқса, электр таъминоти соҳасида энг кичик хато ҳам жиддий ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу боис, бугунги кунда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ томонидан ходимларнинг билим ва малакасини доимий равишда ошириш, иш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жамият ахборот хизмати раҳбари Дурдона Шоаҳмедова бу борада қуйидагиларни таъкидлади:
– Корхонамиз учун истеъмолчиларни узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш билан бир қаторда, энергетикларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли, ҳар бир ходимдан меҳнат жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиши талаб этилади.

Ўз навбатида, жамият тасарруфидаги барча туман электр таъминоти корхоналари ишчи-ходимлари учун мунтазам равишда ўқув машғулотлари, тушунтириш ишлари ва амалий учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Шу билан бирга, айрим ҳолатларда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилади. Бу эса ходимларнинг амалий тажрибасини мустаҳкамлаш, келгусида шундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Навбатдаги шундай ўқув-таҳлил тадбири Сергели туман электр таъминоти корхонасида ташкил этилди. Учрашув давомида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, турли бахтсиз ҳодисаларнинг пайдо бўлиш сабаблари, қоидаларга амал қилинмаган ҳолатлар ва уларнинг салбий оқибатлари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳар бир ходим аввало ўз ҳаёти ва саломатлигини асраш, иш жараёнида техника хавфсизлиги талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаши лозим. Электр тармоқлари билан ишлашдаги энг кичик эътиборсизлик ҳам катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бахтсиз ҳодисаларни ҳар куни таҳлил қилиш, улардан тўғри хулоса чиқариш ва ҳар бир иш жараёнида диққатли ҳамда ҳушёр бўлиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Учрашув давомида ходимларга ҳаётий мисоллар ва аниқ амалий кўрсатмалар орқали тушунтириш ишлари олиб борилди, масъулларга эса ходимлар хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни жорий этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Зеро, техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш фақат иш талабини бажариш эмас, балки инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлашнинг энг муҳим кафолатидир. Ходимларнинг юқори масъулияти ва доимий ҳушёрлиги эса корхона фаолиятининг барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА