Сирдарё иссиқлик электр станциясида энергетика соҳасидаги илғор ёндашувларни ўрганиш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда мутахассислар ўртасида касбий мулоқотни кучайтириш мақсадида тажриба алмашинуви ташкил этилди.
Тадбирда Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида жойлашган Франция, Япония ва Қатар давлатлари ҳамкорлигида фаолият юритаётган “Enersok” ХК МЧЖга қарашли корхона масъул ходимлари ҳамда муҳандис-техник мутахассислар иштирок этди. Меҳмонларга Сирдарё ИЭС нинг ташкил топиш тарихи, ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар ва станция фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.


Тажриба алмашинуви давомида энергетиклар станциянинг ишлаш принциплари, энергия ишлаб чиқариш жараёнлари, хавфсизлик ва экологик талабларга риоя этиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш, технологик жараёнларга рақамли ечимларни жорий этиш бўйича амалий тажрибалар муҳокама қилинди.


– Бундай ҳамкорлик тадбирлари соҳада илғор тажрибаларни жорий этиш, мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида энергетика тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сирдарё ИЭС бош муҳандисининг электр ускуналарини эксплуатация қилиш бўйича ўринбосари Раҳмонали Юсупов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири