Энергетиклар касб байрами муносабати билан Ширин шаҳридаги йирик энергетика корхонаси бўлмиш Сирдарё иссиқлик электр станциясида тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ширин шаҳри мамлакатимиз энергетика тизимида муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда электр энергиясининг қарийб учдан бир қисмини ишлаб чиқарадиган йирик саноат мажмуалари фаолият юритади. Жумладан, Сирдарё иссиқлик электр станцияси, Фарҳод ГЭСи, ACWA Power Сирдарё ва қуввати 1,573 МВт бўлган "Сирдарё–2” буғ-газ электр станцияси мамлакат энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлайди, хонадонларимиз нурга тўлиб, ҳаётимиз фаровон бўлишига хизмат қилади.


Сирдарё иссиқлик электр станциясининг директори Баҳром Собиров барча энергетикларни касб байрами билан қутлаб, уларнинг масъулиятли ва шарафли меҳнати туфайли мамлакатимиз саноат корхоналари барқарор фаолият юритаётганини қайд этди. Шунингдек, қишнинг аёзли кунлари ва ёзнинг жазирама иссиғида ҳам аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган энергетикларга самимий табрик ва эзгу тилакларини билдирди.

Байрам муносабати билан Сирдарё ИЭС корхонасида меҳнат қилаётган 45 нафар ходимга “Энергетика фахрийси” кўкрак нишони, 6 нафар ходимга эса “ИЭС” АЖ ва Бирлашган касаба уюшмасининг фахрий ёрлиғи топширилди. Шунингдек, корхона маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг ташаббуси билан яна 39 нафар ходим фахрий ёрлиқ, 64 нафар ходим эса ташаккурнома билан тақдирланди. Шу куни ҳамкор ташкилотлар томонидан ҳам корхона раҳбариятига ташаккурномалар, табриклар ва эсдалик совғалари топширилди.


Энергетиклар фаолияти – фақат меҳнат эмас, балки юртимиз равнақи ва барқарорлиги йўлидаги эзгу хизматдир. Ширин шаҳрининг ҳар бир энергетиги ўз ишига садоқат билан ёндашиб, мамлакатимиз энергетика салоҳиятини янада юксалтиришга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири