Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетикада сунъий интеллект ва рақамли ечимларни жорий этиш – бугуннинг талаби
18:11 / 2025-11-28

Мамлакатимизда энергетика соҳасини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини амалиётга кенг жорий этиш устувор йўналиш сифатида белгиланиб, бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Тизим корхоналарида замонавий рақамли ечимларни татбиқ этиш, иш жараёнларини автоматлаштириш ва инновацион ёндашувларни йўлга қўйиш самарадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, сунъий интеллектни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоага етказиш мақсадида ўқув-семинари ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида иштирокчиларга энергетика соҳасида замонавий технологияларнинг жадал ривожланиши, рақамлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллектни кенг жорий қилиш учун қулай шароитлар яратиш борасида атрофлича тушунтириш берилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Электр энергиясини автоматлаштириш маркази” филиали директор ўринбосари Диёрбек Нишонов таъкидлаганидек, энергетикада сунъий интеллект ва рақамли ечимларни жорий этиш бу келажак эмас, балки бугуннинг талабидир.

– Биз электр энергияси ҳисобини автоматлаштириш, дастурий таъминотни такомиллаштириш ва реал вақт режимида назорат қилиш имконини берадиган технологик ечимларни жамият фаолиятига изчил татбиқ этяпмиз. Бундай семинарлар ходимларимиз учун янги билим, тажриба ва янги имкониятларни очиб беради. Қайд этиш жоизки, тизимимизда рақамлаштиришга масъул ўринбосар бир вақтнинг ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар этиб белгиланган. Айни кунларда жамиятда электр энергияси ҳисобини автоматлаштириш, дастурий таъминотни янгилаш ва рақамли инфратузилмани кучайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – деди у.

Шунингдек, тадбирда рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг долзарб масалалари, соҳа корхоналари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш ва мазкур йўналишдаги истиқболли лойиҳалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА