Она табиатнинг инсонларга сийлови ўзгача. Буни қарангки, куни кеча оппоқ қор ёғиб, кўнгилларни хушнуд этган бўлса, бугун қуёшли кун бизга илиқ тафтини улашмоқда.
Умумхалқ хайрия ҳашарининг шундай кунда ўтказилишида ҳам маъно бор, чунки ҳамма бирлашиб ишлайди ва қилган иш унумли бўлади. Шу сабабли, бугун мамлакатимиз аҳолиси ва барча ташкилот вакиллари эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
“Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида Энергетика вазирлиги жамоаси ҳам фаол қатнашмоқда.
Бу ҳақда вазирликнинг ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев қуйидагича сўзлаб берди:
–Ҳар йили уйғониш, яшариш ва янгиланиш фасли бўлмиш навбаҳор, қадимий ва гўзал айёмимиз Наврўзи олам арафасида кўча-кўйлар, маҳаллаларни обод қилиш, ён-атрофни озода, покиза, тартибли, саранжом ҳолга келтириш ўзгача бир анъанага айланиб қолган. Муборак Рамазон ойи кунлари маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда бошқа масканларни ободонлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ногиронлиги бор шахслар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш хайрли ишлардир. Шу мақсадда уюштирилаётган умумхалқ хайрия ҳашарининг биринчи кунида вазирлик мутасаддилари ҳамда ишчи-ходимлари пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Аҳмад Яссавий” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли очиқ майдонга мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экди. Хусусан, ҳашар давомида 50 туп шафтоли, 50 туп олма ва 100 туп игнабаргли арча кўчатлари экилди. Шунингдек, майдон ҳудуди тозаланиб, тўпланган чиқиндилар алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилди, –деди Ҳ.Тошхўжаев.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА