Хабарингиз бор, бугун ва эртага мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 августдаги 534-Ф-сон фармойишига асосан, «Маҳалла обод – юрт обод» шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирнинг мақсади маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, зиёратгоҳлар, қабристонлар ва бошқа жойларни ободонлаштиришдан иборат.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари жамоалари халқимизни меҳр-оқибатга, ҳамжиҳатликка чорлайдиган бу азалий қадриятда фаол иштирок этдилар, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, вазирлик ишчи-ходимлари пойтахтимизнинг Кичик ҳалқа йўли ва Тараққиёт кўчаларига туташ улкан яшил ҳудудни тозалаш ва ободонлаштириш ишларида жонбозлик кўрсатдилар.
Бу ерда майдон супурилиб, хас-хашаклар, турли ҳажмдаги тошлар ва ахлатдан тозаланди. Йиғилган чиқиндилар ҳудуддан чиқарилди. Дарахтларга шакл берилиб, оқланди, қуриб қолган шохлари арралаб олиб ташланди. Йўл четида ариқ очилиб, унинг икки тарафига анвойи гуллар экилди.
Шунингдек, мамлакатимиз ёқилғи-энергетика соҳаси вакиллари томонидан маҳаллалар ҳудудлари, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш ишлари амалга оширилмоқда. Ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалардан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
“Бу эса, табиийки, минг йиллар мобайнида кишилар ўртасидаги ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олижаноблик, ва саховатпешалик каби эзгу туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилиши шубҳасиз”, — дейилади хабарда.