Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Саудия Арабистонининг “АCWА Pоwеr” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар жорий йил август ойида Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган янги Иссиқлик электр станциясининг биринчи қувватини ягона электр тармоғига тантанали улаш, яшил водород ишлаб чиқариш бўйича тажриба лойиҳасини амалга оширишни бошлаш ҳамда Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда “АCWА Pоwеr” компанияси ўртасида яшил водород лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолаш маросимларини ўтказишга келишиб олди.
Янги қайта тикланувчи энергия манбалари қувватларини ишга тушириш жараёнида энергия тизими мувозанатини таъминлаш мақсадида қуввати қарийб 1500 МВт бўлган газ асосидаги иссиқлик электр станцияси ва сув сақлаш электр станциясини қуриш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Саудия Арабистонининг “Nomac” компанияси билан мавжуд маънан эскирган электр станцияларни модернизация қилиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, шунингдек, газ транспорт тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашувда шу ой охиригача “АCWА Pоwеr” компанияси томонидан Бухоро вилоятида амалга оширилаётган қуввати 1000 МВтга тенг шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида 3 та шамол генераторини ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади.
ЎзА