Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика вазирлиги огоҳлантиради: Сохта ходимлардан эҳтиёт бўлинг!
13:17 / 2020-01-09

Улар билан аҳоли ўзи рози бўлсагина келишиб ишлаши мумкин. Бу каби фирмалар Энергетика вазирлигига тегишли эмаслигини эслатиб ўтамиз.


Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда айрим якка тартибдаги тадбиркорлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли хонадонларига кириб ўзини электр тармоқлари корхонаси ходими деб таништириб, хонадонлардаги электр ҳисоблагич ва бошқа электр жиҳозларини текшириб, мажбурий тўлов ундириб юрган ҳолатлар кўплаб учрамоқда.

Бу эса истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир. Уларнинг айримлари хусусий фирмалар бўлиб, маълум бир тўлов эвазига бир йиллик шартнома тузиб йил давомида хонадонларга хизмат кўрсатишларини таклиф этишади. Улар билан аҳоли ўзи рози бўлсагина келишиб ишлаши мумкин. Бу каби фирмалар Энергетика вазирлигига тегишли эмаслигини эслатиб ўтамиз.

Электр энергияси истеъмолчилари учун эслатма сифатида шуни алоҳида таъкидлар эдикки, бу каби якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ёки хусусий фирмаларнинг ҳудудий электр таъминоти корхоналарига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу хусусий фирмалар аслида маҳаллаларда юриб, аҳолига ўз хизматини таклиф этиши, хонадон эгалари рози бўлсаларгина, хизмат кўрсатиши ва бажарган ишига хизмат ҳақи олишлари мумкин.

Маълумки, Энергетика вазирлиги таркибида электр энергиясини якуний истеъмолчиларга тақсимловчи, сотувчи, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаришни амалга оширувчи “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташкил этилган. Мазкур жамият электр тармоқларини эксплуатация, модернизация ва реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга оширади. Корхона ходимлари ўз хизмат гувоҳномалари ва тегишли хизмат кийимларига эга.

Шуни алоҳида таъкидлаймизки, хонадонингизга келиб, ўзини электр тармоқлари корхонаси ходими деб таништирган шахслардан хизмат гувоҳномасини талаб қилинг.

Эслатма: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маиший истеъмолчиларга электр энергияси ҳисоблагичларини сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга қўйиш, даврий давлат қиёсловидан ўтказиш ва пломбалаш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳурматли истеъмолчилар! Электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ножўя ҳолатлар юзасидан Энергетика вазирлигининг “Facebook”даги саҳифаси (https://www.facebook.com/minenergyuz/?modal=admin_todo_tour) орқали шунингдек, Call-Марказнинг 11-54 рақами ёки Telegramʼдаги @HET_admin администраторга ҳам ўз мурожаатларингизни йўллашингизни сўраймиз.

Шунингдек, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 1104 ва (71) 200-08-04 ишонч телефонлари ёки “Facebook” ижтимоий тармоғида “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳи (https://www.facebook.com/pg/Hududgaztaminot/groups/?ref=page_internal)га мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати