Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика вазирлиги делегацияси “Noor energy-1” қуёш электр станцияси билан танишди
16:25 / 2022-02-14

“Дубай – EXPO 2020” халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон энергетика ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги делегацияси БААнинг Дубай шаҳридаги “ACWA Power” компаниясининг “Noor energy-1” қуёш электр станциясида бўлди.

Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу қуёш электр станциянинг умумий қуввати 950 МВт бўлиб, у дунёдаги йирик қуёш энергияларидан ҳисобланади. Унда қуёш технологиялари асосида электр энергияси ишлаб чиқишнинг 3 хил туридан самарали фойдаланиш орқали 24 соат давомида яшил энергия ишлаб чиқарилади.

Вазирлик ушбу йўналишда самарали фаолият олиб бормоқда. Хусусан, бу борада ўтган 3 йил ичида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 10 та битим имзоланди. Ушбу қисқа муддатда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича Президентимиз томонидан 9 та қарор имзоланди.

– 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи йирик 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Шу билан бирга, жорий йил 1 чорагида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган. “ACWA Power” компанияси Ўзбекистонда умумий қуввати 2 600 МВт бўлган иссиқлик, қуёш ва шамол электр станциялари қуради.

Хусусан, Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та шамол электр станцияси 2023 йилнинг декабрь ойида ишга туширилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси қурилади. Компания томонидан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1 500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилмоқда ва у 2023 йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган, –деди Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдуллажон Отабоев.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари юртимизда нафақат қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқиш, балки қуёш технологиялари асосида электр энергияси ишлаб чиқишнинг барча турларидан самарали фойдаланиш бўйича ўрганишлар олиб борди.

Абдуллажон Отабоевнинг таъкидлашича, ушбу станция эритилган туздан фойдаланган ҳолда, узоқ муддатли энергия сақлаш характерига эга. Шу сабабли станция тунги вақтда ҳам самарали электр энергияси ишлаб чиқаради. Ўрганишлардан кўзланган мақсад ушбу тажрибани босқичма-босқич юртимизда ҳам жорий этиш ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 февраль кунидан “EXPO 2020 – Дубай” халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон энергетика ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унда Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг лойиҳалари тақдимотлари, “В2В” форматдаги учрашув ва музокаралар ўтказиляпти. Ҳафталик бугун ўз ишини якунлайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА