Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика вазирлиги: аҳоли мурожаатлари доимий назоратда
10:26 / 2026-03-02

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, жойлардаги долзарб муаммоларни бевосита ўрганиш ва уларни тезкор ҳал этиш мақсадида Энергетика вазирлиги томонидан ҳудудларда сайёр қабуллар изчил ташкил этилмоқда.

Галдаги шундай тадбирлардан бири “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиалида ташкил этилди.  

Унда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергетикаси ва газ таъминоти билан боғлиқ масалалар юзасидан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди.

Сайёр қабулда Умид Мамадаминов ҳудудларда энергия таъминоти сифатини яхшилаш ва аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш устувор вазифа эканини таъкидлади.

– Бугун энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, аҳоли ва тадбиркорларни барқарор ҳамда сифатли энергия ресурслари билан таъминлашга қаратилган. Сайёр қабуллар натижасида фуқароларнинг муаммоларини жойида эшитиш, уларга тезкор ечим топиш ва тизимли чоралар кўриш имконияти яратилмоқда. Ҳар бир мурожаат албатта, назоратга олинади ва ижроси таъминланади, – деди вазир ўринбосари.

Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат индивидуал тартибда ўрганилиб, мутасадди раҳбар ва масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар эса ижрога йўналтирилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ муддатлар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, ҳудудларда электр тармоқларини модернизация қилиш, трансформатор қувватларини ошириш, янги электр узатиш линияларини тортиш ҳамда газ таъминоти инфратузилмасини янгилаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу эса истеъмолчиларни узлуксиз ва сифатли энергия билан таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур сайёр қабул аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, тизимдаги муаммоларни тезкор бартараф этиш ҳамда энергия таъминоти сифатини янада оширишга қаратилган амалий механизм сифатида аҳамият касб этади.  

Ҳудудлар бўйлаб сайёр қабуллар давом этмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА