Мамлакатимизда 25 январь куни электр станциялар орқали 230 миллион 800 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Истеъмолчиларга 228 миллион 700 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилган.
Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродов 25 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга 148 миллион 700 минг метр куб табиий газ ва 2200 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди, – деди О. Дилмуродов. – Ҳозирда ҳудудларда 3 минг 200 тонна суюлтирилган газ ҳамда 23 минг 500 дона газ баллон захираси мавжуд. Истеъмолчиларни кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 5 минг 700 тонна маҳаллий кўмир ҳудудлардаги омборларига ортиб юборилди. Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда штаблар тузилган, 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этиб борилмоқда. Зарур чора сифатида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида бир ярим соатдан икки соатгача чекловлар киритилди.
Кўрилган чоралар натижасида электр тармоқларида юзага келган носозликларнинг 95 фоизини бартараф этилди. Газ тармоқларида табиий газ босими кўтарилиши натижаси 1 кунда 88 та маҳалладаги 27 261 та хонадоннинг табиий газ таъминоти яхшиланди.
Бугунги кунда Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг айрим хонадонларида газ босимини меъёрга келтириш ишлари давом эттирилмоқда.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА