English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика вазирлиги: 18 январь куни истеъмолчиларга 6 минг 600 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди
15:07 / 2023-01-19

АОКАда ўтказилган галдаги брифинг 18 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга бағишланди.

Унда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродовнинг маълум қилишича, кеча, 18 январь куни электр станциялари орқали 224 миллион 100 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Мамлакатимиз истеъмолчиларига 220 миллион 100 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилган.  

Газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга 141 миллион 500 минг метр куб табиий газ ва 2 минг 300 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган бўлса, кўмир маҳсулотларини етказиб бериш 6 минг 600 тоннани ташкил этди.  

–Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда барча корхоналарда штаблар тузилган ва 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган. Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этилмоқда. Тошкент шаҳрида электр қурилмаларида юзага келган 210 та носозлик, хусусан, 38 та трансформатор ва 62 та электр узатиш тармоғидаги нуқсонлар бартараф этилди. Зарур чора сифатида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида чекловлар (бир ярим соатдан икки соатгача) киритилди. Таъминотдаги узилишлар бўйича истеъмолчилардан 1154 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан электр қурилмаларида юзага келаётган носозликлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилмоқда, – деди О.Дилмуродов.  

Брифингда табиий ва суюлтирилган газ бўйича истеъмолчилардан 515 та мурожаат келиб тушгани ва  мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилгани юзасидан ҳам маълумот берилди.  

Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларининг масъул ходимлари ҳудудларга сафарбар этилган. Совуқ кунларда тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган ва кузатилаётган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1 000 дан ортиқ махсус бригада ташкил этилган.  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА