Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокидаги парламент эшитувида Қонунчилик палатаси депутати Абдуҳаким Эшбоев “2025-2026 йилги куз-қиш мавсумида аҳолига узлуксиз электр энергияси етказиб бериладими? Электр узатиш тармоқлари мавсумга тўлиқ тайёрми?” деган саволни ўртага ташлади.
Бунга жавобан вазир қуйидагиларни қайд этди:
— Куз-қиш мавсумида барқарор энергия ресурсларини етказиб бериш борасида Энергетика вазирлигида мувофиқлаштирувчи марказий штаб тузилган ва 24 соат давомида ишлаяпти. Ҳар бир мавсумга тайёргарлик жараёнида фавқулодда вазиятлар, кутилмаган ҳолатлар ҳам содир бўлади. Бундай вазиятларда, албатта, электроэнергия тизимида чекловлар киритишга мажбур бўлинади.

Аввалги йилларни таҳлил қилсак, 2013 йил давомида 4 млрд. киловатт соат чеклов киритилган. Бу ўша пайтдаги истеъмолга қараганда жуда катта фоиз ҳисобланади. 2021 йилда 1,5 млрд, 2022 йилда 2 млрд, ўтган йили 357 миллион киловатт соат чекловлар киритилган. Жорий йил ноябрь ойида эса 24 миллион, декабрь ойида 18 миллион киловатт соат чеклов киритишга мажбур бўлдик.

Электр узатиш тармоқларига келсак, тармоқлар ҳозирги кунда тўлиқ тайёр эмас. Биринчи ўринда магистраль тармоқларимиз тўла тайёрмас. Чунки узоқ муддат магистраль тармоқларга эътибор берилмаган. Президентимиз топшириғига кўра, магистраль тармоқлар бўйича алоҳида дастур қилинди, 5000 км янги тармоқлар қурилади. 22 та янги станция ишга туширилади. Тармоқлардаги аварияларни таҳлил қилсак, паст кучланишли тармоқлардаги авариялар ўтган йилга нисбатан 2 баробар камайган бўлса, юқори кучланишли тақсимлаш тармоқларида 116 тага кўпайган. Қуёш панеллари ҳам тармоқлардаги босимни нисбатан пасайтириб беради. Магистраль тармоқлар бўйича эса ишлар олиб борилади. Бунинг учун тизим ҳам, маблағ ҳам бор, — деди вазир.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА