Бугунги кунда энергетика ва нефть-газ соҳасида назорат тадбирлари доимий равишда олиб борилмоқда. Жорий йилда ҳам “Ўзэнергоинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида бир қатор қоидабузарликлар аниқланди.
Ўрганишларга кўра, биринчи ноқонуний ҳолат Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида фош этилди. Инспекциянинг ҳудудий бошқармаси ўтказган назорат тадбирида маълум бўлишича, "F.U.O." МЧЖга қарашли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарлик натижасида тизимга 1 миллиард 478 миллион сўмлик зарар етказилган. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Иккинчи ҳолат Қашқадарё вилоятида аниқланди. Қашқадарё ҳудудий бошқармаси Чироқчи тумани ва Шаҳрисабз шаҳридаги “A.X.” МЧЖ ва "H." МЧЖларга қарашли автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчаларида нефть маҳсулотларини тарқатиш талабларига риоя этилишини ўрганди. Текширув давомида мазкур АЁҚШлардаги ёқилғи тарқатиш устунлари навбатдаги давлат қиёслов кўригидан ўтказиш муддатига амал қилинмасдан истеъмолчиларга автобензин сотилаётгани аниқланди. Қонунга мувофиқ, мазкур ҳолат бўйича реализация қилинган нефть маҳсулотлари қийматининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланди.
Инспекция ахборот хизматига кўра, ушбу икки ҳолат ҳам давлат назорати ва қоидабузарликка қарши тезкор тадбирлар муҳим эканини кўрсатади. Бу эса тизимга электр энергияси ва нефть маҳсулотларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, аҳолига хавфсиз ва барқарор хизмат кўрсатиш масъулиятини юкламоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА