Жорий йилнинг 10-24 январь кунларида Энергетика вазирлиги ишчи гуруҳи навбатдаги назорат тадбирларини ўтказди.
Унда аниқланишича, 300 та ҳолатда айрим тадбиркорлик субъектлари ва истеъмолчилар 4,5 миллион киловатт соат миқдоридаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Бу жараёнда Сурхондарё вилоятидаги “Машҳура Торт Ангор” МЧЖ, Андижон вилоятидаги “Оқ ёр сауна” ОК ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги “Cаке бумер” МЧЖ каби маиший хизмат кўрсатувчи бир қатор корхоналарнинг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари маълум бўлди.
Натижада энергетика тизимига жами 2,1 миллиард сўм миқдорида зарар келтирилган. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 22 минг 500 та хонадоннинг бир ойлик истеъмоли ҳисобланади.
Ўрганишлар асосида ноқонуний ҳолатлар аниқланган истеъмолчилар электр қурилмалари тармоғидан ажратилиб, ҳолат бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмоқда.
ЎзА