Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика тизимида тариф ислоҳотлари бўйича илғор халқаро тажрибалар ўрганилди
16:23 / 2023-04-19

Пойтахтимизда ўтказилган семинар энергетика тизимида тариф ислоҳотлари бўйича илғор халқаро тажрибалар тақдимотига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида, Жаҳон банки кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижлик экспертлар иштирок этди.  

Унда Миср, Ҳиндистон, Латвия, Вьетнам, Озарбайжон, Грузия, Туркия  каби давлатларнинг энергетика соҳасидаги тажрибалари тақдимот қилинди.  

Семинарда Миср электр энергиясини тартибга солиш агентлигининг марказий электр энергияси бозори бўлими раҳбари Шериф Зоҳейр мамлакатда амалга оширилган тариф ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.  

– Мисрда 2014 йилдан 2019 йилгача тариф ислоҳотлари амалга оширилди. Мазкур ислоҳотлар беш йил давомида олиб борилиб, бунда “EgyptERA” харажат методологиясини аниқлаш учун қонуний жавобгарлик, ҳақиқий таннархга эришиш учун тўғридан-тўғри субсидияларни камайтириш учун тарифларни босқичма-босқич ошириш, кам таъминланган истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, йирик  истеъмолчиларнинг қуввати ва фойдаланиш вақтига қараб тарифни белгилаш чоралари кўрилди. Шунингдек, соҳада йирик лойиҳаларни амалга оширишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Миср электр энергетикаси ва қайта тикланувчи энергия манбалари сектори “Siemens” билан умумий қуввати 14 минг 400 МВт бўлган учта йирик электр станцияси лойиҳасини қуриш бўйича шартнома имзолаши бу борада муҳим қадамдир, – деди у. 

 [gallery-11521]

Таъкидлаш керакки, мазкур тадбир иштирокчиларга ҳар жиҳатдан самарали ва фойдали бўлди. Унда халқаро экспертлар субсидияланган тарифлар иқтисодиётда бир қанча қийинчиликларни юзага келтириши, шунингдек, инфраструктуранинг эскириши натижасида энергетик инқирозлар, етказиб беришдаги дефицитларнинг юзага келиши, энергия манбаларидан самарасиз фойдаланиш  катта миқдордаги техник ва тижорий йўқотишларни юзага келтириши мумкинлигини қайд этди.  

Энергетика вазирлиги департаменти бош мутахассиси Орзигул Равшанова қайд этганидек, семинарда 10 дан ортиқ етакчи давлатнинг тажрибали экспертлари  мавзу доирасида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.  

–Уларнинг фикрига кўра, оммавий субсидиялаш энергетика корхоналарининг молиявий ҳолатига, мавжуд қувватларни янгилашга имконият бермайди ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга салбий таъсир кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, халқаро экспертлар манзилли субсиядиялашни таклиф этди. Бунда кам таъминланган ва  ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига асосий эътибор берилади.  

Табиийки, манзилли субсиядиялаш энергия самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, энергия барқарорлиги ва  узлуксиз таъминотини яхшилашга шароит яратади. Албатта, бу бизга узоқ истиқболдаги режаларимиз учун қўл келади. Биз учун Туркия  ва Грузия мамлакатларининг  илғор тажрибалари  мос келади. Сабаби, ушбу тажрибада хизмат сифати тариф ҳисоб-китобларида инобатга олинади,– деди О.Равшанова.  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири