Юртимизда энергетика соҳасида хавфсизликни таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Айниқса, “Ўзэнергоинспекция”нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб бораётган назорат ва профилактик фаолияти орқали соҳадаги қоидабузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйиляпти.
Сўнгги кунларда Сирдарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ўтказилган шундай назорат тадбирлари натижасида қатор қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди. Жумладан, Сирдарё туманида жойлашган “U. F. F.” фермер хўжалиги ҳисоблагичдан ташқари тармоқ орқали электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу билан давлат электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 585 миллион сўмлик моддий зарар етказилган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида Наманган вилоятида ҳам жиддий қонунбузарлик ҳолати қайд этилди. Хусусан, Наманган туманидаги 275-сонли трансформатор пунктида таъмирлаш ишларини амалга ошираётган бригада иш жойида хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилмасдан фаолият юритгани аниқланди. Паст кучланиш учун мўлжалланган кўчма ерлагичнинг яроқсиз ҳолда ишлатилгани ва бошқа қоидабузарликлар туфайли ушбу бригада ишдан четлатилди. Шу билан бирга, хавфсизлик чора-тадбирлари тўлиқ бажарилиши бўйича кўрсатмалар берилди ҳамда уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Энергетика объектларида хавфсизлик талабларига риоя этилиши бўйича Тошкент вилоятида ҳам кенг қамровли текширув ишлари олиб борилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 июлдаги 473-сонли фармойишига мувофиқ, “Ўзэнергоинспекция” Республика ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда вилоятдаги ёқилғи қуйиш, сақлаш ва тарқатиш иншоотлари ҳамда чакана савдо шохобчаларини тўлиқ хатловдан ўтказмоқда.
Бир ҳафта давомида 172 та объект текширувдан ўтказилиб, техник хавфсизлик, ёнғинга қарши кураш ва меҳнат муҳофазаси бўйича 1 минг 254 та камчилик аниқланди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга мажбурий кўрсатмалар берилди ҳамда уларнинг ижроси юзасидан доимий назорат ўрнатилди. Шохобчаларни хатловдан ўтказиш ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.
Инспекция ахборот хизматига кўра, юқорида қайд этилган ҳолатлар энергетика тармоғида хавфсизлик ва қонунийликни таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли чора-тадбирларнинг амалий натижасидир. Бундай назорат ишларининг давомийлиги соҳада масъулият ва тартиб-интизомни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА