Қарор ва ижро
Бугунги кунда барча соҳа ривожида ички ва ташқи имкониятлардан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бунда қулай инвестиция муҳитини яратиб, халқаро инвесторларни жалб қилиш чора-тадбирлари ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори бу борада янада кенг имконият эшикларини очиб берди.
Масалан, кейинги йилларда Энергетика вазирлиги фаолиятида ҳам инвестицион жозибадорликни ошириш эвазига халқаро компанияларни жалб қилиш ўзига хос қизғин жараёнга айланди. Хусусан, биргина 2022 йилда умумий қуввати 1 900 МВт бўлган 8 та қуёш электр станцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 1 700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш учун лойиҳа битимларининг имзоланиши режалаштирилгани фикримиз исботидир.
Жорий йилнинг 24-26 март кунлари пойтахтимизда ташкил этилган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳам энергетика соҳаси учун янги режа ва келишувларга имкон яратмоқда.
Ушбу форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Rothschild & Co инвестиция банки ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Мазкур шартномага кўра, халқаро инвестиция банки – Rothschild & Cie and N.M. Rothschild & Sons Limited республикамизда энергетика соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни таҳлил қилиш, молиялаштириш, кредитлаш ва энергетика лойиҳаларида бевосита иштирок этиш орқали потенциал инвесторларни аниқлаш ва жалб қилиш бўйича стратегик маслаҳатчи сифатида фаолият олиб боради.
Rothschild & Co делегациясининг мамлакатимизга ташрифи давомида томонлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш шартлари бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Бу каби ўтказилган музокара ва учрашувлар вазирлик тизимидаги “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти учун ҳам манфаатли ҳамкорликка йўл очди.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестицияларни жалб этиш бошқармаси бошлиғи Алишер Жўраевнинг маълум қилишича, Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги қарорига асосан “Таллимаржон ИЭС” АЖда жами қуввати 900 МВтга тенг бўлган иккита, “Навоий ИЭС” АЖда 1300 МВтга тенг иккита буғ-газ қурилмалари ҳамда “Тошкент ИЭМ” АЖда ҳар бирининг қуввати 32 МВтдан бўлган иккита газ турбина қурилмаларини қуриб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шунингдек, мавжуд иссиқлиқ электр станцияларининг хавфсиз ва барқарор ишлаши ҳамда техник хизмат кўрсатиш тизимини яратиш, ускуналарни модернизация қилиш, захира қисмларини етказиб беришга алоҳида аҳамият қаратилади.
– Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг юқори самарадорлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган, – деди А.Жўраев. – Шу режалар асосида жорий йилнинг 24 март куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан халқаро ҳамкорлар билан бир қатор манфаатли келишувларга эришилди. Жумладан, Япониянинг JICA агентлиги билан эҳтиёт қисмларни етказиб бериш ва фаолиятдаги замонавий буғ-газ қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича 340 миллион доллар миқдорида келишувга эришилди. Бундан ташқари, 2022 йилнинг февраль ойида Италиянинг “AC BOILERS S.p.A” компанияси вакиллари билан анъанавий иссиқлик электр станцияларида барқарорликни ошириш мақсадида модернизация ишларини олиб бориш, амалдаги газ турбиналари ва буғ қозонларидан фойдаланишда иссиқлик қозонларининг самарадорлигини ошириш каби масалалар бўйича музокаралар ўтказилган эди. Ўзаро муҳокамалар натижаси сифатида форум доирасида “AC BOILERS S.p.A” компанияси билан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ўртасида тизим корхоналарида “экологик тоза” энергия ускуналарини ўрнатган ҳолда қувватларни ошириш бўйича меморандум имзоланди.
Таъкидлаш зарурки, давлатимиз раҳбарининг юқорида зикр этилган қарор ижросини таъминлаш мақсадида энергетика тизимини янада такомиллаштиришга қаратилаётган чора-тадбирлар, жумладан, биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган ҳужжатлар аҳоли ва истеъмолчиларнинг электр энергияга бўлган талабини қондириш йўлидаги дадил қадамлардир. Зеро, кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада оширишга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларида энергетика соҳаси ҳам муҳим ўрин тутади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА