French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика соҳасини ислоҳ қилишда янги босқич
18:37 / 2023-10-03

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Унга мувофиқ,  2023-2030 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепцияси; 

электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозорларини босқичма-босқич шакллантириш; 

электр энергетика тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда соҳага хусусий секторни кенг жалб қилишга шарт-шароит яратиш;

электр энергияси таъминотининг узлуксизлиги, барқарорлигини таъминлаш ва истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш; 

аҳоли учун электр энергияси тарифларини белгилашда ижтимоий ҳимоя механизмларини жорий этиш ҳамда республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар аҳолига электр энергияси ягона нарх сиёсати асосида сотилишини таъминлаш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электр энергияси таъминотчиларини эркин танлаш ҳуқуқини бериш; 

электр энергиясининг улгуржи бозорида нархнинг талаб ва таклиф асосида эркин шаклланишини таъминлаш, кунлик савдосини йўлга қўйиш ҳамда барча харид қилиш ва сотиш операцияларини онлайн савдо платформаси орқали амалга ошириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларининг салоҳиятидан кенг фойдаланиш эвазига "яшил энергия" ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, шунингдек, 2023-2030 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясини 2023-2024 йилларда амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.

Электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозори механизмларини шакллантиришнинг бир босқичидан кейинги босқичига ўтиш 2023-2030 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясида белгиланган шартлар тўлиқ бажарилгандан сўнг амалга оширилади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш "Ўзэнергосотиш" АЖтомонидан, магистраль электр тармоқларини эксплуатация қилиш эса "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан амалга оширилади.

"Ўзэнергосотиш" АЖнинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи бозор механизмига ўтиш даврида электр энергияси ишлаб чиқарувчилардан электр энергиясини харид қилиш ҳамда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ва йирик истеъмолчиларга белгиланган тарифларда сотиш;

электр энергиясини онлайн савдо платформасида талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин нархда сотиш; 

электр энергиясининг экспорт ва импорт операцияларини шартномалар асосида амалга ошириш; 

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖнинг асосий вазифалари эса қуйидагилардан иборат бўлади:

электр энергетика тизимининг реал вақт режимида ишончли ишлашини ва мувозанатини таъминлаш; 

тасдикданган тарифлар асосида магистраль электр тармоқлари орқали электр энергиясини узатиш хизматларини кўрсатиш; 

магистраль электр тармоқларини тасдиқланган дастурлар асосида ривожлантириш; 

қўшни мамлакатларнинг энергетика тизимлари билан барқарор боғланишни таъминлаш ва параллел ишлаш режимларини бошқариш. 

ЎзА