Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика соҳасида “яшил” ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда
11:32 / 2026-01-10

Мамлакатимизда барча соҳаларни изчил ривожлантириш, ислоҳотларни тизимли давом эттириш ва давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу стратегик ҳужжатда белгилаб берилган йўналишлар ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик ва идораларда аниқ режалар асосида амалий ишлар олиб борилаётир.

Энергетика вазирлигида Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ушбу тадбирда вазирлик раҳбарияти, тармоқ корхоналари ва тизим ташкилотлари масъуллари иштирок этди.

Унда Президентимиз Мурожаатномасида энергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, “яшил” энергетикани ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия таъминоти билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Шунингдек, Мурожаатномада коррупцияга қарши қатъий курашиш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Унда коррупция давлат тараққиётига жиддий таҳдид экани таъкидланиб, барча идораларда коррупцияга қарши тизимли чоралар амалга оширилиши, мониторинг ва назорат механизмлари кучайтирилиши лозимлиги кўрсатилган. Бу йўналишда масъул шахслар ва бўлимлар фаолиятини янада мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Йиғилиш давомида ушбу вазифалардан келиб чиқиб, ёқилғи-энергетика тизимида амалга оширилиши лозим бўлган устувор чора-тадбирлар, аниқ режа ва механизмлар белгилаб олинди ҳамда масъул ижрочиларга тегишли топшириқлар берилди.

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимованинг таъкидлашича, Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда очиқлик, жамоатчилик билан самарали мулоқот ва тизимли ахборот сиёсати муҳим аҳамият касб этади.

–Энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, йирик лойиҳалар ва янгиликлар бўйича аҳолини ўз вақтида ва холис ахборот билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида вазирлик тизимида олиб борилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликка мунтазам маълумот бериб бориш бундан буён ҳам асосий устувор йўналишларимиздан бири бўлиб қолади, – деди Дилдора Ҳошимова.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА