Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика соҳасида самарадорлик ва қонунийликни таъминлаш – “Ўзэнергоинспекция”нинг устувор вазифаси (+видео)
18:59 / 2025-06-16

Энергия ресурслари ҳар бир давлатнинг иқтисодий тараққиёти ва ижтимоий барқарорлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бироқ ҳар қандай тизимда самарадорликка эришиш учун тартиб-интизом, назорат ва қонунийлик асосий талаб ҳисобланади. Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси – “Ўзэнергоинспекция” фаолият юритиб келмоқда. 

Хўш, 2025 йилнинг ўтган беш ойида инспекция қандай амалий натижаларга эришди? Ушбу масала юзасидан “Ўзэнергоинспекция” бошқарма бошлиғи Ботир Ёқубов билан суҳбатлашдик. 

– Аввало, 2025 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар бўйича умумий маълумот берсангиз. Қайси йўналишларда режа бажарилди, қайси йўналишларда муаммолар сақланиб қолмоқда?

– Ташкилотимиз фаолияти энергетика соҳасининг барча тармоқларини қамраб олади. Шу боис ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Жорий йилнинг январь-май ойларида энергия ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, назоратни кучайтириш, фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 1094 та ҳолатда 471,2 миллиард сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш аниқланди. Истеъмолчилар томонидан қоидаларни бузиш ҳолатлари бўйича 1788 та маъмурий иш расмийлаштирилди, 512 та ҳолатда 14,9 миллиард сўм миқдорида молиявий санкциялар қўлланилди. 

Текширувлар давомида 271,7 миллиард сўмлик қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Улардан 230 миллиард сўм электр энергияси, 26,2 миллиард сўм нефть маҳсулотлари, 8,8 миллиард сўм табиий газ, 5,2 миллиард сўм суюлтирилган газ ва 1,5 миллиард сўм сиқилган газга тўғри келади. 

– Бу ҳолатлар қандай аниқланди? Асосий қоидабузарликлар нималардан иборат? 

– Аниқланган ҳолатларнинг кўпчилиги ҳисобга олиш ускуналарини четлаб ўтиш, ўзбошимчалик билан уланиш ва энергия тўловларини қасддан четлаб ўтиш каби ҳолатлардан иборат.

Хусусан, 214,3 миллиард сўмлик ноқонуний электр энергияси ва 256,9 миллиард сўмлик табиий газга оид қоидабузарликлар қайд этилди. Текширувлар натижасида 81 та техник бригада фаолияти тўхтатилди, 38 нафар масъул шахсга интизомий чора кўрилди ва 42 нафар ходим қайта аттестациядан ўтказилди. 

– Истеъмолчиларга давлат хизматлари кўрсатиш борасида қандай натижалар қайд этилди? 

– 2025 йил бошидан 6594 та мурожаат кўриб чиқилди. Улар асосан янги объектларни электр тармоқларига улаш, лойиҳаларни келишиш каби масалаларни қамраб олади. 4244 та объект бўйича ижобий хулоса берилган, 2350 та ҳолатда эса техник камчиликлар туфайли рад этилиб, қайта ишлашга юборилган. 

Биз бу жараёнда фақатгина назоратчи эмас, балки маслаҳатчи сифатида ҳам фаолият юритяпмиз. Тадбиркорларга лойиҳадаги камчиликларни аниқлаб, уларни тўғрилашда ёрдам кўрсатмоқдамиз. 

– Энергия самарадорлиги юзасидан қандай ишлар амалга оширилди? 

– Йирик корхоналарни қамраб олган аудит ишлари давом этмоқда. 1744 та корхонада таҳлиллар ўтказилди ва уларда ўртача 20-26 фоиз энергия тежаш имконияти борлиги аниқланди. 

Ҳозирда 155 та корхонада аудит бошланган, 24 таси якунланган. Натижада 2025-2026 йилларда 978,6 миллион киловатт-соат электр энергияси, 1,1 миллиард метр куб табиий газ ва 3519 тонна нефть маҳсулотлари тежалиши кутилмоқда.

– Реактив қувват нима ва бу борада эришилган кўрсаткичлар нималардан иборат?

– Реактив қувват тизим самарадорлигига салбий таъсир этувчи зарарли юклама ҳисобланади. 

Шу сабабли, 4923 та истеъмолчига кўрсатма хатлари юборилди ва 4836 та компенсация қурилмаси ўрнатилди. Натижада 32,9 миллион киловатт-соат энергия тежалди. Белгиланган талабларни бажармаган истеъмолчиларга нисбатан эса маъмурий чоралар кўрилди. 

– Қонунбузарликларни олдини олиш учун профилактик ишлар қандай ташкил этилган? 

– Биз фақат жазолаш эмас, балки тушунтириш, маслаҳат бериш ва огоҳлантиришга ҳам катта эътибор қаратамиз. Йил бошидан буён 46 542 та профилактик тадбир ўтказилди. 

Бу тадбирлар ҳуқуқбузарликларни камайтириш билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлар онгини оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, бизга келиб тушган 856 та мурожаат бўйича ҳам ишлар амалга оширилди. Улардан 271 таси ижобий ҳал этилди, 357 тасига тушунтириш берилди, 143 та мурожаат бошқа ташкилотларга йўналтирилди. Биз ҳар бир мурожаатни масъулият ва ишонч деб биламиз ва уларга ҳаётий ечим топишга ҳаракат қиламиз.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, энергетика соҳасида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларга қулай шароит яратиш “Ўзэнергоинспекция” фаолиятининг асосий йўналишларидандир. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZFhtNg6tMVo" title="Energetika sohasida samaradorlik va qonuniylikni ta’minlash – “O‘zenergoinspeksiya”ning ustuvor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.