Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика соҳаси учун малакали кадрлар зарур
12:01 / 2026-01-14

Энергетика тармоғи – юқори аниқлик ва катта масъулият талаб этадиган стратегик соҳа ҳисобланади. Замонавий энергетика тизими эса нафақат юқори технологиялар, балки биринчи навбатда, шу технологияларни бошқара оладиган малакали кадрлар демакдир.

Бугунги кунда мамлакатимиз энергетика тармоғи, хусусан, энерготаъмир тизими юқори технологик ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Рақамлашув, технологик тараққиёт ва глобаллашув жараёнлари сифатли хизмат кўрсатиш бозорида мутлақо янги талаблар ва стандартларни шакллантирмоқда. Бу эса соҳада назарий билимга эга бўлиш билан бирга, замонавий ускуналар билан самарали ишлай оладиган, янгича фикрлайдиган малакали кадрларга бўлган талабни оширмоқда. 

Мамлакатимизнинг энергетика иншоотларини сифатли таъмирлаш ва созлашда етакчи бўлган “Ўзбeкэнeрготаъмир” АЖ қошидаги Ўқув маркази ҳам бугунги кунда соҳа мутахассисларини тайёрловчи ўзига хос “интеллектуал ҳаб”га айланмоқда. Бу ерда тизимдаги муҳандис-техник ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари аниқ белгиланган низомлар ва йиллик режалар асосида тизимли равишда амалга оширилади. 

Марказда бериладиган касбий кўникма ва таълим амалиёт билан уйғунлашган. Корхонанинг ишлаб чиқариш базаси ҳудудида жойлашган махсус тайёрланган майдонларда ходимлар назарий билимларини бевосита амалиётда синаб кўради. Бу инфратузилма назарий билимни амалий кўникмалар билан уйғунлаштирган ҳолда, “ўқиш – синаш – қўллаш” тамойили асосида таълим бериш имконини яратади. 

Назарий машғулотларни ўтказишга энергетика соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассис Қ.Жалилов жалб этилган бўлса, амалий кўникмаларни шакллантиришда корхонанинг тажрибали цех раҳбарлари ва усталари “устоз – шогирд” анъанаси асосида сабоқ бериб келмоқда. Ўқув маркази мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасалари, халқаро институтлар, соҳавий агентликлар билан ҳам ҳамкорлик қилади. 

Республика касбий кўникмалар маркази билан “Ишлаб чиқариш соҳаларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш” мақсадида ўзаро ҳамкорлик меморандумининг имзолангани ҳам меҳнат фаолиятини энергетика тизимида давом эттириш истагида бўлган таълим олувчиларга катта имкониятлар эшигини очиб берди. Шу ўринда таъкидлаш керак, касбий кўникмалар марказлари билан ҳамкорликда энерготаъмир тизимида дуал таълимни жорий этиш – сифатли кадрлар тайёрлашнинг энг истиқболли йўлидир. 

Марказнинг ҳудудий участкалардан келиб тушган таклифлар асосида ишлаб чиқилган умумий йиллик ўқув режаси 25 дан ортиқ ишлаб чиқариш йўналишларини қамраб олган. Унинг биргина 2025 йилдаги фаолиятининг кўрсаткичлари таҳлил қилинадиган бўлса, марказда ички ўқув курслари орқали 178 нафар ходим тайёрланди.

Кадрлар салоҳиятини янада ошириш мақсадида 2025 йилда 49 нафар ходим ташқи ўқув марказларида таълим олди. Шу билан бирга, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тўғрисидаги Низомга асосан ташкил этилган малака комиссиялари томонидан 2025 йилда 136 нафар ходим касб даражасини ошириш бўйича синовдан ўтказилди. 

Мухтасар қилиб айтганда, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ қошидаги Ўқув маркази – бу шунчаки таълим маскани эмас, балки энергетика соҳасининг интеллектуал ва касбий таянчи ҳисобланиб, малакали кадрларнинг энергетика объектларида барқарор ишлаши, техник хавфсизликнинг таъминланиши ва замонавий технологияларнинг самарали жорий этилишига хизмат қилади. 

Сарвар Умаров, 

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ Ўқув маркази кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи. 

ЎзА.