Мамлакатимиз энергетика соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш мазкур тармоқ ривожи ва барқарор тараққиётининг асосий омилларидан биридир. Кейинги пайтда ҳукуматимиз томонидан бу борада илғор таълим дастурлари, амалий машғулотлар ва халқаро ҳамкорлик асосида кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, замонавий энергия технологияларини ўзлаштирган, инновацион ёндашувга эга мутахассислар етишиб чиқиши орқали соҳа самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
Бугун Тошкент шаҳридаги “МЭИ” Миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалида ўтказилган анжуманда ҳам айнан шу масалалар муҳокама этилди.
Маҳаллий ва хорижий соҳа масъуллари, мутахассислар ҳамда талабалар иштирок этган ушбу тадбирда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги кунда барча соҳалар қатори энергетика соҳасида ҳам малакали кадрларни тайёрлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз энергетика соҳасини ривожлантиришда “яшил” энергетика йўналишини кенгайтириш, қуёш ва шамол электр станцияларининг қувватини ошириш каби бир қатор муҳим мақсадлар белгиланган. Энергетика тизимида генерация қувватлари бўйича 2030 йилгача бўлган давр учун етарли миқдорда битимлар имзоланган. Бунда таълим жараёнини сифатли ташкил этиш ва салоҳиятли кадрлар тайёрлаш муҳим ҳисобланади.
[gallery-23463]
–Энергия таъминотининг барқарорлигини таъминлашда қайта тикланувчи энергия манбаларини ишончли интеграция қилиш, замонавий энергия сақлаш тизимларини жорий этиш, тармоқни рақамли ва автоматик бошқариш, узатиш ва тақсимлаш имкониятларини кучайтириш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш каби устувор вазифалар белгилаб қўйилган. Қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишда янги технологияларни жорий этиш ҳамда энергия сақлаш тизимларининг ишга туширилиши замонавий энергетика инфратузилмасини шакллантиришда ҳал қилувчи омилдир. Ушбу мақсадларга эришишда эса юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энергетика соҳаси учун тажрибали, илғор технологияларни ўзлаштирган кадрларни етиштириш бугунги кунда стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу боис, таълим муассасаларида амалий ва назарий тайёргарликни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликда кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий лабораториялар ва симуляция муҳитларини яратишга катта аҳамият бериляпти. Бу борада халқаро ҳамкорлик ва хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар энергия соҳасида янги технологиялар ва инновацияларни жорий этишда фаол иштирок этмоқда. Бугун ушбу филиалда ташкил этилган тадбирнинг мақсади ҳам шундай талаблар ижросига қаратилган, – деди У.Мамадаминов.
Анжуман давомида мутахассислар ишлаб чиқариш билан ўзаро узлуксиз интеграцияни ўрнатиш, таълим сифатини ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга эришиш масалаларида фикр алмашди.
– Президентимизнинг 2019 йил 4 июндаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги “МЭИ” Миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалининг ташкил этилгани ҳам ушбу йўлдаги муҳим қадамдир. Бундай тадбирлар нафақат профессор-ўқитувчилар, балки талабалар учун ҳам назарий ва амалий аҳамият касб этади, – деди мазкур филиал декани Бахтиёр Мамасолиев.
Шунингдек, конференция доирасида Энергетика вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар фаолияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбирда электр энергетикаси ва электр техникаси қурилмаларига оид кўргазмали стендларнинг ташкил этилиши иштирокчилар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА