Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика саноатини рақамлаштиришда халқаро тажриба...
19:11 / 2021-06-15

Бугун пойтахтимизда «Ёқилғи-энергетика мажмуасини рақамлаштириш соҳасидаги илғор жаҳон тажрибалари» мавзуида семинар ўтказилди.

Россиянинг «ИКС Холдинг» кўп тармоқли АТ-гуруҳи томонидан ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва халқаро компания, ташкилот ҳамда корхона вакиллари қатнашди.

Мазкур стратегик сессия Ўзбекистон Республикасининг ёқилғи-энергетика комплексини рақамлаштириш бўйича 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси ва «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш лойиҳаси доирасида бўлиб ўтмоқда.

Лойиҳа 2021 йил 11 февралда бошланган. Шу вақтга қадар «ИКС Холдинг» мутахассислари республиканинг нефть-газ ва электр энергетика соҳаларидаги компанияларнинг жорий бизнес жараёнларини таҳлил қилди, 300 дан ортиқ ишчи учрашув, марказий идоралар ва корхоналар фаолиятини ўрганилди.

– Замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири бу мамлакат иқтисодий барқарорлиги бўлиб, бу кўп жиҳатдан энергетика соҳасининг ривожланишига боғлиқ, – деди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев. – Россиянинг «ИКС Холдинг» компанияси кўмаги билан энергетика саноатини рақамлаштириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар саноатни рақамли ўзгартириш жараёнининг бошланиши ҳисобланади. Бу иқтисодиёт ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларни жадаллаштиради.

Назарий ва амалий қисмдан иборат ушбу семинарда рақамлаштиришнинг амалий тажрибаси, илғор технологиялар таҳлили ва ҳар бир функционал соҳага тегишли ташаббусларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилади.

– Биз Ўзбекистон нефть-газ ва энергетика соҳасидаги компанияларнинг бизнес жараёнларини автоматлаштириш даражасини чуқур таҳлил қилиш асосида шаклланган корхоналарни рақамлаштириш бўйича ташаббусларнинг дастлабки реестрини тақдим этдик. Хусусан, муҳокама жараёнида у ёки бу ечим қайси аниқ корхоналарда қўлланилишини аниқлашни режалаштирмоқдамиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун айрим қонун ҳужжатларини тузатиш керак бўлади. Бундан ташқари, таклиф қилинган ташаббусларни муваффақиятли амалга ошириш учун кадрлар ислоҳоти ва ёшлар билан фаол ишлаш зарурдир, – деди «ИКС Холдинг» вице-президенти Станислав Киселев.

Семинар доирасида дунёнинг энг яхши амалиётлари реестри ишлаб чиқилади ва унинг натижасида якуний ҳужжатлар шакллантирилади. Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон энергетика вазири ҳамда энергетика компаниялари раҳбарларидан иборат бошқарув кенгашига тақдим этилади.

Тадбирда қайд этилганидек, тасдиқланган ташаббуслар рўйхатига асосан «ИКС Холдинг» мутахассислари «Йўл харитаси»ни тузишга киришади. Лойиҳа 2021 йил октябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА