Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика ресурсларидан ноқонуний фойдаланишга оид 1,4 триллион сўмлик ҳолатлар аниқланган
10:28 / 2025-01-31

Мамлакатимизда электр энергияси самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ташаббуси билан ўтказилган семинар энергия соҳасини ривожлантириш ва муқобил энергия ресурсларини жорий этиш масалаларига бағишланди.

Семинарда Энергетика вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутасаддилари соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов мамлакатимизда электр энергетикасини 2025-2035 йилларда ривожлантириш чора-тадбирлари, шу жумладан, янги электр станциялари ва энергия сақлаш қувватларини барпо этиш, тармоқда йўқотишларни камайтириш, соҳада рақамлаштирилган бошқарувни жорий қилиш, электр энергиясининг таннархини пасайтириш, бунинг омили сифатида муқобил манбаларни кўпайтириш каби кун тартибидаги муҳим вазифалар ҳақида тақдимот материаллари асосида батафсил тушунтиришлар берди.

Вазирнинг маълум қилишича, бугунги кунда истеъмолчиларни барқарор энергия билан таъминлаш вазифасини бажаришда, аввало, генерация манбалари, йирик қайта тикланувчи ва ростловчи қувватларни жорий этиш, электр энергияси ва табиий газ истеъмолидаги самарадорлик, ҳар бир тармоқ кесимида энергияни 10-15 фоиз иқтисод қилиш, 2030 йилда электр энергияси йўқотишларини ҳозирги 14 фоиздан 8-9 фоизгача тушириш режалари катта аҳамиятга эга. Истиқболда бинолар учун “тоза энергия”, энергия самарадор уйлар, электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилади.

“Ўзэнергоинспекция” бошлиғи И.Неъматуллаев эса 2024 йилда энергетика ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ бўлган 1,4 трлн. сўмлик 8 мингдан ортиқ ҳолатлар аниқланганини айтиб ўтди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутасаддилари “яшил” энергетикани ривожлантириш борасида сўз юритар экан, 2024 йилда 752 МВтлик шамол электр, 2 минг 763 МВтлик қуёш электр станциялари ва 1 минг 782 МВтлик энергия сақлаш тизимларининг қурилаётгани, бунинг натижасида 4,8 млн. тонна зарарли газлар атмосферага чиқишининг олди олинаётгани эътироф этилди.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар аҳолига “яшил” энергетикани ривожлантириш ва энергия самарадорликка эришишнинг зарурати ва аҳамиятини кенг тушунтириб бориш, натижада муқобил энергия манбаларини кенг жорий этишга эришиш устувор мақсад эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА