Энергетика тармоғидаги объектларда амалга оширилаётган таъмирлаш ишларининг самарадорлиги ва сифати аҳоли ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини барқарор электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис мазкур жараёнларнинг белгиланган меъёр ва талабларга тўлиқ мослиги давлат назорати органлари томонидан доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг хабар беришича, Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Нарпай ва Пахтачи туманларида ўтказилган кўрик натижаларида 40 та трансформатор пункти текширилиб, шундан 18 тасида таъмирлаш ишларининг сифати ва амалдаги қоида талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Текширув давомида 0,4 кВ тақсимлаш қурилмаси кабеллари тартибсиз ўрнатилгани, электр қурилмалари электртехника лаборатория синовларидан ўтказилмагани, тақсимлаш қурилмаларида сақлагичлар ўрнига қўлбола ностандарт сим тортилгани ҳамда трансформаторларда мой сизиш ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудуддаги масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА