Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетика, газ, ҳаво ва темир йўл транспорти соҳаларида йирик монополияларни бўлиб юбориш бошланган
16:13 / 2022-11-08

Мамлакатимизда иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, монополияни босқичма-босқич камайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Соҳадаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида янги “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда бир қатор янги тартиб-қоидалар белгиланмоқда. 

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди. 

– Тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш, рақобатбардошликни ошириш, монополияни босқичма-босқич камайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, ҳуқуқий асослар яратилмоқда, – деди қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилган Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шахрух Шарахметов.  – Хусусан, тадбиркорлар учун 185 турдаги лицензия ва рухсат бериш тартиблари қисқартирилди ва соддалаштирилди, бозорга эркин кириш шароитлари яратилди. Жорий йилнинг ўзида 13 та товар ва хизматлар бозорида мавжуд эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди. Натижада сўнгги икки йилда давлат иштирокидаги корхоналар сони қарийб 30 фоизга қисқарди. 31 та товар ва хизматлар бозор монополия хизматидан чиқарилди. Энергетика ва газ, ҳаво ва темир йўл транспорти соҳаларида йирик монополияларни бўлиб юбориш ва рақобатга асосланган бозорларни шакллантириш бошланган. 

Соҳадаги ўзгаришларни қонунчиликка татбиқ этиш мақсадида амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунлар бирлаштирилиб, “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси  ишлаб чиқилди. 9 та боб, 52 та моддадан иборат қонун лойиҳасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг лойиҳаларини рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш тартиби белгиланмоқда. Монополияга қарши комплаенс институти киритилмоқда, давлат кўмаги кўринишлари ва уларни тақдим этишга нисбатан монополияга қарши талаблар назарда тутилмоқда. Давлатнинг тадбиркорлик фаолиятидаги иштирокига ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга доир талаблар белгиланмоқда. 

Бундан ташқари, оммавий савдо тушунчаси киритилиб, нафақат танлов ва тендер, балки аукцион ва бошқа электрон тарзда ўтказиладиган савдоларда рақобатни чеклаш ҳаракатларига барҳам бериш чоралари кўзда тутилмоқда. Қонун лойиҳаси билан рақобатга қарши келишув ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар учун жавобгарликни енгиллаштириш асослари ўз аксини топмоқда, молиявий жарималар киритилиши муносабати билан иқтисодий концентрацияга ва танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузиш ҳаракатлари ҳамда рақобатга қарши ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланмоқда. 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хом ашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши, реализация қилинишининг (кўрсатилишининг) ноқонуний чекланиши ҳамда Лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиниши учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. 

Шунингдек, иқтисодиётда кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида давлат назоратини камайтириш мақсадида товар айланмаси ҳажми БҲМнинг 10 минг бараваридан (3 миллиард сўм) паст бўлса, Устун мавқега эга деб эътироф этмаслик назарда тутилмоқда. Корхоналарни қўшиб олиш, қўшиб юбориш ва акция (улушлар)ни сотиб олиш бўйича битимларга розилик олиш катта активга эга корхоналардан талаб қилиниши жорий этилмоқда. Агар битим тарафларининг жами активи БҲМнинг 500 минг бараваридан – 150 миллиард сўмдан ошса, розилик талаб қилинади. Илгари бу БҲМнинг 100 минг баравари – 30 миллиард сўм эди, – деди Ш.Шарахметов.   

Мажлисда депутатлар Зафар Худойбердиев, Алишер Ҳамроев, Дониёр Ғаниев, Қодир Жўраев, Расул Кушербоев ва бошқалар лойиҳа юзасидан қатор савол ва эътирозларини ҳамда таклифларини билдирдилар. Қонун лойиҳасидаги айрим камчилик ва тузатишлар иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида бартараф этилиши таъкидланди. Энг муҳими, мазкур ҳужжат иқтисодиётимиз ривожида, халқаро бозорга чиқишимизда долзарб эканлиги алоҳида қайд этилди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши рақобатбардошликни ошириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ҳамда энг зарур иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда соғлом рақобат муҳитининг ривожланишини чеклаётган алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга асоссиз равишда эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар, преференциялар беришнинг олдини олишга хизмат қилади. 

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди. 

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА