Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетик ичимликларга 1 литр учун 2 000 сўм акциз солиғи жорий этилиши мумкин
16:49 / 2023-12-14

2024 йил 1 апрелдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи “занжири”ни таъминлаш ҳамда солиқ маъмурчилигида юзага келган айрим муаммоларни бартараф қилиш мақсадида дори воситалари, ветеринария дори воситалари, тиббий ва ветеринария хизматлари учун назарда тутилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, аҳоли учун ичимлик сув таъминоти, канализация, санитария тозалаш, иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг ноль даражали ставкасини бекор қилиш назарда тутилмоқда.  

Ушбу ўзгаришларни ўз ичига олган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.  

Қонун лойиҳасига кўра, Солиқ кодексининг 44 та моддасига, бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларига ҳамда Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.  

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан акциз солиғи ставкалари индексация қилинаётган бўлиб, 2024 йил 1 январдан фильтрланган ва фильтрсиз сигареталар ҳамда бошқа тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 12 фоиз, 2024 йил 1 июлдан республикада ишлаб чиқарилган алкоголли маҳсулотлар учун 5 фоизга оширилмоқда.  

Таркибида шакар ёки бошқа ширинлантирувчи ва (ёки) хушбўйлаштирувчи моддалар қўшимчалари бўлган минерал ва газланган ичимликларга 1 литр учун 500 сўм, шунингдек, энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларга 1 литр учун 2 000 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилмоқда. Ушбу солиқ тури бўйича тушумлар тўлиқ ҳолда Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.  

Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғининг базавий ставкалари, шунингдек, кон-кимё хом ашёси ва норуда қурилиш материаллари учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 12 фоизга индексация қилинмоқда. Шунингдек, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактошнинг 1 тоннаси учун қарийб 4 бараварга пасайтирилиб, 6 000 сўм миқдорида (амалда 22500 сўм) белгиланмоқда. Кўмирдан фойдаланувчи заводлар учун солиқ ставкасини 50 фоизга камайтириш тартиби бекор қилинмоқда.  

Муҳокамаларда фракция аъзолари акциз солиғи ставкаларидан тушадиган маблағлар Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилишини қўллаб-қувватладилар. Шунингдек, ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар учун кўрсатиладиган хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг ноль даражали ставкаси бекор қилиниши фуқароларнинг сувга, табиатга бўлган эҳтиёткорона муносабати, масъулияти ошишига кўмаклашишини қайд этди.  

 Муҳтарама Комилова, ЎзА