Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энергетик ичимликлар тарғиботи тўхтатилди
15:03 / 2025-09-22

Инсон қуввати камайиб, ҳолсизланса, кучга кириши ва иммун тизимини мустаҳкамлаш учун табиий маҳсулотлар истеъмол қилиши тавсия этилади.

Бу тез орада ўзининг ижобий натижасини беради. Аммо бугунги кунда кимнидир чарчоқ ёки уйқусизлик қийнаса, дарҳол энергетик ичимликлар сотиб олишга ошиқади. Тўғри, бу ичимлик одамга бир муддат куч, шижоат бериши мумкин. Бироқ шифокорлар уларнинг ортиқча истеъмоли юрак-қон томир тизимига, асабга ва умумий соғлиққа жиддий хавф туғдиришини таъкидлайди. Шу боис мамлакатимиз қонунчилигида энергетик ичимликларни оммавий реклама қилишга чекловлар жорий этилган. 
“Gorilla” энергетик ичимлиги рекламасини кенг тарғиб қилган “AION BEVERAGES” МЧЖга нисбатан реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан тегишли таъсир чоралари кўрилди. 

Рақобат қўмитаси фуқаро мурожаати асосида олиб борган ўрганишлари натижасида “AION BEVERAGES” МЧЖга қарашли автотранспорт воситаларида реклама қонунчилиги бузилган ҳолатлар аниқланди. Хусусан, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан йўлланган мурожаатда тегишли автотранспорт воситасида “Gorilla” энергетик ичимлиги рекламаси кенг тарғиб қилиниши ҳақида эътироз билдирилган. 

Олиб борилган текширувларда “AION BEVERAGES” МЧЖга тегишли 106 та автотранспорт воситасида “Gorilla” энергетик ичимлиги рекламаси жойлаштирилгани оқибатида “Реклама тўғрисида”ги қонунбузилиши аниқланди. Қонуннинг 37-моддаси талабларига кўра ташқи реклама ва ахборот объектлари орқали энергетик ичимликларни реклама қилиш тақиқланиши белгиланган. 

Юқоридаги ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “AION BEVERAGES” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича “AION BEVERAGES” МЧЖ томонидан барча 106 та автотранспорт воситасидаги рекламаларнинг тўлиқ бартараф этилиши таъминланди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА