English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эндокрин касалликларни эрта олдини олиш муҳим масала
17:43 / 2022-03-09

Кейинги йилларда мамлакатимизда тиббиётнинг барча бўғини қатори, эндокринология соҳасини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Вилоят аҳлига эндокрин хизмат кўрсатишга мўлжалланган шифохонамизда 120 ўринли стационар, 150 амбулатор қатновли поликлиника мавжуд, - дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали бош ҳамшираси Маҳбуба Эргашева. – Бу ерда замонавий, ўпкани сунъий шамоллатиш аппарати (ИВЛ), кардиомонитор, ЭКГ, юқори технологияли рентген аппарати, портатив рентген, портатив УТТ аппарати, ИФА анализатори, СИПАП аппарати каби ноёб тиббий жиҳозлар билан беморларни даволамоқдамиз. Айниқса, экстракорпорал детоксификация усуллари билан даволаш беморларга анча қулайлик яратмоқда. 

[gallery-6068]

Бугунги кунда эндокрин касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинмоқда. Унга кўра, энг аввало, оилавий ва эндокрин шифокорлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бунинг учун жойларда ташкил этилган тиббиёт бригадалари, ҳамшира кўриги хоналари ва саломатлик мактаблари роли кучайтирилади.

– Эндокрин касалликларни эрта аниқлаш мақсадида беморлар ва диабетга мойиллиги бор аҳолига касалликни бошқариш ўргатилади, - дейди муассасанинг “Диабет мактаби” тарғиботчиси, ҳамшира Маъмура Ёқубова. – Эндокрин касалликларининг олдини олишга катта эътибор қаратилаётганлигининг  ўзига хос сабаблари бор. Чунки йод танқислиги билан боғлиқ хасталик кўплаб бошқа касалликларни пайдо бўлишига олиб келади. Шундай экан, эндокрин касалликларининг эрта олдини олиш учун нафақат шифокорлар масъул, балки ҳар биримиз, қайси касбда ишлашимиздан қатъий назар бу борада астойдил иш олиб боришимиз лозим. Зеро, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун” тамойили ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини, саломатлигини яратишни назарда тутади.

Юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар аввало инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир. Инсон қадри улуғланган юртнинг эса келажаги улуғдир. 
 

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА