Бугунги кунда юқумли бўлмаган, аммо насл суриш эҳтимоли юқори бўлган касалликлардан бири эндокрин бези билан боғлиқ касалликлар сони ўсмоқда.
Бунинг сабаби нима? Даволаш чоралари кўриляптими? Бу саволларга Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали директори Мустафоқул Жўраев жавоб берди.
– Бу касалликнинг тарихига назар ташлайлик, – дейди Мустафоқул Жўраев. – Ушбу касаллик аввал ҳам бўлган, аммо ҳозиргидек кўп бўлмаган. Бунга экология, соғлом турмуш тарзининг алоқаси йўқ деб бўлмайди. Чунки, бугунги кунда эндокрин тизими билан боғлиқ касалликлар аҳоли орасида энг кўп учрайдиган ноинфекцион касалликлардан бирига айланди. Айниқса, қалқонсимон ва ошқозон ости бези фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ касалликлар сони ниҳоятда ортди.
Ушбу безлар орқали келиб чиққан касалликлар инсон организмнинг шаклланиши, ўсиши ва нормал фаолият кўрсатишида ўта муҳим аҳамият касб этиб қолмай, ҳаёт давомийлиги, ҳаёт сифатига жуда катта таъсир этади. Айниқса, қандли диабетнинг 2-тури билан касалланиш кўрсаткичи ортгани туфайли ҳаёт давомийлигини узайтиришда кўплаб муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Ушбу касалликни барвақт аниқлаш ва даволаш масаласи ҳамма вақт ўз долзарблигини йўқотмаган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январда эълон қилинган “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам кўрсатиб ўтилиб, соҳа ходимлари олдига бир қанча вазифалар қўйилган эди.
Унга асосан, Сирдарёда ҳам қандли диабетни эрта аниқлаш бўйича вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида скрининг ишлари бошлаб юборилган.
Энг муҳими, скрининг жараёнларини ташкил қилиш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетдан 500 млн. сўм маблағ ажратилди.
Ажратилган маблағ ҳисобига 421 дона гелиометр 140 мингта тест япроқчалари келтирилди.
Айни вақтга келиб, келтирилган гелиометр ва тест япроқчалари ёрдами билан вилоятда истиқомат қилаётган 22 минг нафардан зиёд, 40 ёшдан ошган аҳоли скрининг кўрикларига қамраб олинди.
Натижада, аҳолининг 1120 нафарида, ёки 5 фоизида қандли диабет олди ҳолати, 500 нафарида ёки 2,5 фоизида қандли диабет касаллиги аниқланди.
Аниқланган касалликлар диспансер назоратига олиниб, соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Шу билан бирга, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида, тиббиёт бирлашмаларига қарашли Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда профилактика мактаблари ва врач олди кўрик хоналари ташкил қилиниб улар зарур жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланди.
Аҳамиятли томони, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ташкил этилган, профилактика мактаблари орқали эндокрин бези билан боғлиқ касалликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, профилактикаси бўйича соғлом турмуш тарзи қоидаларига асосланган ҳолда махсус тайёрланган ҳамширалар томонидан тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказилиб, аҳолининг тиббий маданияти шакллантирилмоқда.
Бу ушбу турдаги касалликларни аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олибгина қолмай, касалликка чалинган беморларни тузатиш имконини бермоқда.
ЎзА мухбири Шуҳрат Суяров ёзиб олди.