Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эндиликда қайта ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш”да божхона божи қўлланилмайди
14:18 / 2022-04-25

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона тартиботларини соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва божхона органларининг 2022 йил 1 чорак якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуон анжумани аввалида, божхона органлари томонидан 2022 йилнинг 1 чорагида амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Қолаверса, бу бўйича тайёрланган махсус видеоролик намойиш қилинди.

Қайд этилишича, Давлат бюджетига 9,5 триллион сўм божхона тўловлари ўтказилди ва тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 46 фоизга ошди. Ташқи савдода “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартиришга қаратилган тизимли тадбирлар натижасида 221 миллиард сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилиб, бу кўрсаткич ҳам 35 фоизга ортди. Ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида 3 минг нафардан зиёд тадбиркорга божхона тўловларидан қарийб 4 триллион сўмлик божхона имтиёзлари берилди, содда қилиб айтганда, салкам 4 триллион сўм айланма маблағ сифатида ўзларининг ихтиёрида қолдирилди.

Матбуот анжуманида Президентимизнинг жорий йилнинг 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини қўллашни соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қабул қилинган фармони бўйича маълумот берилди.

Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва экспортни қўллаб-қувватлаш, қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилиб борилмоқда. Бу эса тадбиркорларга бир қанча қулайлик ва енгиликлар яратмоқда. Хусусан, янги турдаги импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиб, уларга кўплаб солиқ ва божхона имтиёзлари берилмоқда. Товар ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологик асбоб-ускуналарни хориждан олиб киришда божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Бундан ташқари, тадбиркорларга коммунал ва ижтимоий инфратузилма йўналишларида имтиёзлар ва қулайликлар берилди.

Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда 12 мингдан ортиқ тадбиркорларимиз томонидан 8 миллион долларлик турли хил технологик асбоб-ускуналар импорт қилинган.

Тараққий этган давлатларнинг ташқи савдосида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг ўрни юқори ҳисобланади. Мисол учун, қайта ишланган маҳсулотларининг умумий экспортдаги улуши Хитойда 35 фоизни (872 млрд долл.), Европа Иттифоқида 10 фоизни (256 млрд долл.), Россияда 13 фоизни (43,1 млрд долл.) ташкил этади.

–  Юқоридаги фармон билан тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар яратилади, – дейди Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илхом Мухторов. – Хусусан, товарларни қайта ишлаш операциялари рўйхати қадоқлаш, ўраш, саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш хизматлари билан тўлдирилди. Энг катта енгилликлардан бири мазкур жараёнларни амалга оширишда тадбиркорлар ҳеч қандай божхона тўловлари тўламайди. Шунингдек, товарлар экспортида қўлланиладиган божхона йиғимлари ставкалари, имтиёз (шу жумладан, темир йўл тарифлари бўйича), преференциялар, субсидия ва компенсацияларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган тайёр маҳсулотлар реэкспортига ҳам татбиқ этиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, товарларни қайта ишлашда мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиологик хулоса ҳамда махсус иқтисодий зона иштирокчилари ва ваколатли иқтисодий операторлар томонидан божхона тўловлари таъминоти (суғурта полиси, банк кафолати, гаров шартномаси, кафиллик хати) талаб этилмайди.

Қайта ишлаш бўйича тайёр маҳсулотларнинг чиқиш меъёрларини тадбиркорлар томонидан белгиланиши жорий этилди. Этиборли жиҳати шундаки, эндиликда қайта ишлашдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш”да божхона божи қўлланилмайди. Айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича, Киото конвенцияси талабидан келиб чиқиб, ягона рухсатнома бериш тартиби жорий этилди.

Қолаверса, хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, товарларни таъмирлашда тадбиркорларга қайта ишлаш рухсатномасини олиш талаб этилмайди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимидан фойдаланувчи шахслар томонидан божхона идораларига электрон ҳисобот тақдим этиш механизми жорий этилмоқда.

Матбуот анжумани сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб берди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА